Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:23

Термит қурти - Хева ёдгорликларининг кушандаси


Меҳрабон Хоразмдаги Маъмун академиясидан олинган маълумотларга кўра, Хеванинг 2500 йиллик юбилейи арафасида Ичанқалъадаги кўпгина обидалар таъмирланган. Ўтган асрнинг 90-йиллари охирида Хевадаги 54 та таърихий меъморий ёдгорликнинг 80 фоизида тиклаш ишлари амалга оширилган.

Маъмун академиясининг археология, тарих ва фалсафа бўлими мудири Абдулла Абдурасуловнинг сўзларига қараганда, ҳозирги кунда Хевадаги ёдгорликларни таъмирлаш ва улардан фойдаланиш талаб даражасида эмас. Ичан қалъа ва унинг атрофидаги обидалар жуда таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Айниқса, 1842 йилда қурилган, 5600 метрдан зиёд девор билан ўралган, 10 та дарвозаси бўлган Дишанқалъанинг кўп қисми нураб бормоқда.

Олимнинг айтишича, Хевада ўндан зиёд минора сақланиб қолган. Хоннинг вазири Исломхўжа томонидан 1910-1912 йилларда қурилган минора уларнинг энг баланди ҳисобланади. Ҳозирги кунда бу миноранинг баландлиги 57,5 метрни ташкил этади. 1970 йиллар охири - 1980 йиллар бошида Исломхўжа минорасида ўн миллиметрга яқин ёриқ пайдо бўлган. Кўпгина минораларда бир томонга оғиш кузатилмоқда. Масалан, Саййид Ниёз шоликорбой масжидининг минораси ярим метрдан ортиқ қиялаган.

А.Абдурасуловнинг билдиришича, тарихий биноларнинг ёрилиши ёки оғиб қолишига шўр сувларнинг кўтарилиши, улар яқинидан автомобиль юриши натижасида юзага келадиган ернинг титраши сабаб бўлаётир.

Маълум бўлишича, Хева ёдгорликларига термит қурти ҳам хавф солмоқда. Шаҳарда 1990 йиллардан буён термитга қарши курашувчи биолаборатория фаолият кўрсатади.

А.Абдурасуловнинг айтишича, бу қурт нафақат ёғочни, балки темир ва чўянни ҳам еб битиради. У фақат силикат ғиштни емайди. Бу жониворни бутунлай йўқ қилиш имконияти йўқ. Уни фақат махсус хўрак тайёрлаб, маълум қисмини бир жойга тўплаб ўлдириш мумкин. Хевадаги биолаборатория шу ишни амалга оширмоқда. Шунга қарамай, баъзи масжид-мадрасаларда термит сақланиб қоляпти.

А.Абдурасуловнинг таъкидлашича, Хевадаги ёдгорликларнинг умрини узайтириш учун зах сувларни қочириш, махсус асбоблар ёрдамида бинолар ғиштларида қолиб кетган тузларни сўриб олиб, обидалар яқинида транспорт ҳаракатини буткул тақиқлаш лозим.

Ичанқалъа давлат музей-қўриқхонаси директори Ботир Давлатовнинг сўзларига қараганда, очиқ осмон остидаги музей ҳисобланмиш Хевага ташриф буюраётган хорижий меҳмонлар сони йилдан-йилга ортиб боряпти. 2002 йилда бу ерга 30 мингдан ортиқ чет эллик сайёҳ келган. 2003 йилда салкам 50 минг сайёҳ ташриф буюрган. 2004 йилнинг олти ойида эса Хевага келган хорижликлар сони 50 мингдан ошиб кетган.

Кўриниб турибдки, Хева туризмдан катта фойда кўради. Шунга қарамай, бу ердаги ёдгорликни асраш ишлари пайсалга солинаётганидан кузатувчилар ҳайронлигини билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG