Линклар

logo-print

Чегарачи осмонга ўқ узди, натижа эса бир ўлик, икки ярадор


Тўлқин 19 июль куни Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарадош бўлган Тошкент туманидаги Сарки аҳоли пунктида оддий фуқаролар ва чегарачилар ўртасидаги тўқнашув бўлгани, бунинг натижасида бир киши ўлгани ва икки киши жароҳатлангани ҳақида “Озодлик” радиоси хабар берган эди.

Мазкур тўқнашувда Сарки маҳалласида яшовчи қозоқ миллатига мансуб фуқаро Талъат Бегасилов чегарачилар отган ўқ туфайли бошидан яраланиб, воқеа жойидаёқ ҳаётдан кўз юмганди. Ғишткўприк маҳалласида яшовчи Баҳром Алимов ва Сафар Бегалиев эса яраланиб, шифохонага ётқизилганди. Бундан ташқари, ўша куни бир чегарачи аскарнинг ҳалок бўлгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалганди.

“Озодлик” мухбири тегишли идораларга мурожаат этиб, ушбу воқеа юзасидан маълумотлар олишга муваффақ бўлди.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати матбуот хизмати раҳбари Олим Тўрақуловнинг маълум қилишича, 19 июль куни соат 22.40 да Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтган, контрабанда товарлари ортилган “Урал” русумли давлат рақами бўлмаган икки мотоциклни бошқариб келаётган икки шахс чегарачилар томонидан тўхтатилган. Шундан сўнг бу ерда 30-40 киши тўпланиб, қўлга олинган шахсларни юки билан қўйиб юборишни талаб этиб, чегарачиларни тошбўрон қилган. Қўлга олинган шахслар пайтдан фойдаланиб яширинишга муваффақ бўлган. Чегарачилар қўшимча ёрдам чақиришга мажбур бўлган. Улар етиб келгач, контрабандачиларни ҳимоя қилган кишилар Сарки аҳоли пунктига чекинган. Бу ерда яна фуқаролар тўпланган. Чегарачилар мотоциклларни олиб кетмоқчи бўлганда улар йўл устида автомобиль шиналарини ёқиб, тўсқинлик қилган. Йўлни тозалашга уринган чегарачиларга оломон ҳужум қилган. Аскарлар ўзини ҳимоя қилиш мақсадида осмонга қарата ўқ узган.

О.Тўрақуловнинг билдиришича, “Урал” русумли кажавали мотоциклларда контрабанда йўли билан олиб ўтилаётган спиртли ичимликлар ва ҳар йил бошқа юклар бўлган. Қўлга олинган мотоцикллар ва чегарачиларнинг “Уаз” русумли автомашинасидан иборат колонна Ғишткўприк аҳоли пунктининг Чимкент кўчасидан кетаётганда қаршисидан “Уаз” русумли юк машинаси чиқиб, колоннага тўқнашмоқчи бўлган. Натижада мотоцикллардан бири йўл четига чиқиб, ағдарилиб кетган. Бунинг оқибатида шартнома бўйича ҳарбий хизматчи кичик сержант Мирзааҳмедов оғир тан жароҳати олган ва шифохонага олиб кетилаётганда ҳаётдан кўз юмган. Яна бир чегарачи тан жароҳати олган.

О.Тўрақуловнинг айтишича, ушбу воқеа юзасидан Тошкент вилояти Тошкент тумани ички ишлар бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозир тергов ишлари олиб борилмоқда. Мотоциклларда контрабанда юклари олиб ўтиб, Ғишткўприк маҳалласида яширинган икки номаълум кишининг шахси ҳали аниқланмаган.
XS
SM
MD
LG