Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:54

Сатира тиғи ўтмаслашиб қолганми?


Ўзбек адабиёти ва матбуотида сатира ва юмор ҳар доим ижтимоий муаммоларни кўрсатишда муҳим ўрин тутиб келган. Масалан, Махмурнинг “Ҳапалак” асарида, Жулқунбойнинг “Тошпўлат тажанг нима дейди?” сатирасида, собиқ иттифоқ даврида “Муштум” журналида эълон қилинган материалларда жамиятдаги муаммолар, амалдорларнинг ножўя ишлари қаттиқ танқид остига олинган. Аммо, кузатувчиларнинг айтишича, бугунги кунда ҳақиқий ҳажвия адабиёт ва кундалик матбуотда кам учрайди.

Ҳозирги ўзбек адабиётида ва публицистикасида ҳажв, сатира йўқ десак, албатта, хато бўлади. Газета ва журналларда ҳажвиялар ва кичик ҳазил асарлар мунтазам чоп этилади. Адабиётшуносларнинг фикрича, бу ҳажвиялар “тош босмайди”, яъни аксарият асарлар фақат маиший турмуш муаммолари, эр-хотин ва ўқувчи-домла муносабатлари билан чекланиб қоляпти. Ижтимоий муаммоларни акс эттирган, амалдорларнинг хатти-ҳаракатлари танқид қилинган ҳажвиялар эса жуда кам учрайди. Учраганда ҳам муаммолар очиқ-ойдин эмас, етти қават пардага ўралади.

Хўш, Ўзбекистонда нега ўткир ва очиқ ҳажв йўқ?

Шоир Зоҳир Аъламнинг сўзларига қараганда, ўткир ҳажвнинг йўқлиги сабаблари демократия, сўз ва фикр эркинлигининг чекланганига бориб тақалади. Қолаверса, ўткир ҳажв учун минбар ҳам йўқ. Сатира ва юмор учун унинг муаллифи жабр кўриши мумкин. Бухоролик шоир Юсуф Жумаев сатирик шеърлари учун, ҳоким ва прокурорларни танқид қилгани учун калтаклаб кетилгани, қамалгани бунга мисол бўла олади.

Шоир Миразиз Аъзамнинг фикрича, цензура расман бекор қилингани билан барча қаламкашлар табиий равишда цензорга айланиб қолган. Ҳозир нафақат сатира, балки бошқа жанрларда ҳам катта ўзгаришлар кўзга ташланмайди.

Ёзувчи Мирзакалон Жўраевнинг таъкидлашича, бугунги кунда халқнинг умумий маънавий савияси тушиб бораётир. Бу эса фақат сатирада эмас, бошқа жанрларда ҳам инқирозни келтириб чиқармоқда.

Ёзувчи Худойберди Тўттабоевнинг айтишича, сўнгги йилларда ўзбек адабиётида сатира ва юмор савияси анча пасайгани тўғри. Лекин кейинги пайтда “Халқ сўзи” газетаси жамиятдаги камчиликларни, гоҳо иллат ҳолатида кўриладиган нохушликларни яхши ёритяпти. Жорий йилнинг ўзида унинг бешта фельетони, Анвар Обиджон, Саъдулла Сиёев каби сатирик ижодкорларнинг асарлари чоп этилган. Лекин бошқа газеталарда ўткир сатира ва юмор деярли йўқ.

Кўпчиликнинг эътирофича, Ўзбекистонда ҳозир юқори амалларни эгаллаб турганлар очиқчасига ҳажв қилинмайди. Россия қизиқчилари эса мамлакат Президентидан тортиб, партияларнинг раҳбарларигача, барчани бемалол ҳажв қилаверади. Бу ҳажв халқ билиб турган нарсани унинг ўзига ифодали қилиб қайтариб бергани учун катта муваффақият қозонади. Ўзбекистонда эса сиёсий ҳажв йўқ.

З.Аъламнинг фикрича, Россияда озми-кўпми демократия ва сўз эркинлиги бор. У ерда эркин фикрлар учун таъқиб қилинилмайди. Шунинг учун ҳам сиёсий юмор гуркираб ривожланмоқда.

Ҳозир Ўзбекистонда эл севиб тинглайдиган қизиқчилар талайгина. Улар катта концертлар ҳам бериб туради. Лекин бу ижодкорларнинг репертуарида ижтимоий муаммолар ҳажвга олинган, амалдорлар танқид қилинган асарлар деярли учрамайди. Ўз исмини ошкор қилмасликни сўраган қизиқчилардан бирининг сўзларига қараганда, амалдорларни танқид қилиш у ёқда турсин, салгина ҳазил қилиб ҳам бўлмайди. Агар шундай қилинса, улар дарҳол тўполон кўтариб, тазйиқ ўтказиш йўлларини излай бошлайди. Шунинг учун қизиқчилар бор гапни пардалаб гапиришга мажбур.
XS
SM
MD
LG