Линклар

Жон Абизаид: “Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада чуқурлаштирамиз”

  • Садриддин Ашур

25 июль куни Тошкентга келган АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги бош қўмондони генерал Жон Абизаид 26 июлда Ўзбекистон Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирликларида музокаралар ўтказди.

Дастлаб америкалик юқори мартабали ҳарбий Ўзбекистон мудофаа вазири Қодир Ғуломов билан учрашди. Шундан сўнг генерални Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев қабул қилди. Мазкур музокарадан сўнг журналистлар учун қисқача брифинг ўтказилди.

Жон Абизаид Ўзбекистонга келишдан мақсад икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техникавий алоқаларнинг бугунги аҳволини муҳокама қилишдан иборат эканини билдирди. У бу борадаги ҳамкорлик аъло даражадалигини таъкидлади. Генералнинг айтишича, музокаралар чоғида минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш муаммолари муҳокама қилинган.

Ж.Абизаид АҚШ Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ниятидалигини маълум қилди. У АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳарбий-техникавий ҳамкорликка алоҳида урғу берди. Генералнинг сўзларига қараганда, бундай ҳамкорлик нафақат Макразий Осиё, балки Афғонистонда ҳам тинчлик ва барқарорликни сақлашда муҳим ўрин тутади.

С.Сафоевнинг билдиришича, ўтказилган музокараларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳарбий-техникавий ҳамкорлик ҳақида сўз юритилган. Шунингдек, Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлашда икки давлат амалга оширадиган муштарак ишлар атрофлича муҳокама қилинган, Афғонистон ва Ироқдаги вазият юзасидан фикр алмашилган. Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида ҳарбий-техникавий ҳамкорлик бўйича истиқболда қилинадиган ишлар келишиб олинган. Умуман, генералнинг Ўзбекистонга сафари самарали бўлган.

Маълумотларга кўра, Жон Абизаид Ўзбекистонга иккинчи марта ташриф буюрган. У ўтган йилнинг август ойида биринчи марта расмий ташриф билан Тошкентга келган эди.

Генералнинг АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги бош қўмондони лавозимига тайинланганига бир йил бўлди. У илгари Босния ва Герцеговинада биринчи бронетанк дивизияси қўмондонининг ёрдамчиси сифатида хизмат қилган. Ундан аввалроқ АҚШнинг Вест-пойнтдаги Ҳарбий академияси бошлиғи бўлган. Косовадаги ҳарбий амалиётларда қатнашган. “Ироққа озодлик” операцияси вақтида Бирлашган қўшинлар қўмондонлиги қўмондонининг ўринбосари лавозимини эгаллаган.
XS
SM
MD
LG