Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:20

Қашқадарё буғдойи афғонларга ҳам етади


Фирдавс Маълумотларга кўра, ғалла ўрим-йиғим мавсуми ниҳоясига етмаёқ Қашқадарё вилоятида буғдойнинг нархи жуда қимматлашиб кетган. Ғалланинг вилоят ҳудудидан кўплаб олиб чиқиб кетилаётгани бунга сабаб бўлаётгани айтилмоқда.

Хабарларга қараганда, ҳозирги кунгача Қашқадарё деҳқонлари давлатга 300 минг тоннадан ортиқ ғалла топширган. Жами етиштирилган ҳосил эса 700 минг тоннага яқиндир. Ўтган йилгидан фарқли ўлароқ, кузатувчиларнинг таъкидлашича, мавсум тугамасданоқ ғалланинг нархи кўтарилиб кетган. Шу кунларда бир килограмм буғдойнинг баҳоси 120-150 сўмни ташкил этмоқда.

Нишон туманилик фермернинг сўзларига қараганда, ғалла экиш мавсумида туманда нефть маҳсулотлари тақчиллиги юз берган. Машина-трактор парклари мажбуриятларини ўз вақтида бажармагани туфайли агротехник тадбирлар кечиккан. Минерал ўғит етказиб беришда ҳам узилишлар бўлган. Натижада жорий йилда ўрим-йиғим мавсуми тугамасданоқ ғалла баҳоси кўтарилиб кетган.

Мустақил кузатувчи Исмоил Раҳмонқуловнинг фикрича, ўтган йили жорий йилги миқдорда ғалла етиштирилганида бозорда бир килограмм буғдой нархи 45 сўм, олий навлиси эса 50 сўм сотилган. Бу йил эса нарх 3 баробар кўтарилган. Нархнинг ошишига ғалланинг вилоят ҳудудидан четга олиб кетилаётгани сабаб бўлмоқда.

Маълум бўлишича, Қашқадарё ғалласининг катта қисми сурхондарёлик тадбиркорлар томонидан сотиб олинмоқда. Улар ғаллани кейинчалик Тожикистон ва Афғонистонга пуллаётир.

И.Раҳмонқуловнинг таъкидлашича, ғалла нархининг ошиб кетиши аҳолининг кам таъминланган қисми турмуш шароитига сезиларли салбий таъсир кўрсатади. Зеро, қишлоқ шароитида бир рўзғор учун йилига 1,5-2 тонна буғдой зарур. Лекин улар юқори нархларда буғдой сотиб олиш имкониятига эга эмас.
XS
SM
MD
LG