Линклар

logo-print

Марказий нашрлар шарҳи


Дилнаво “Ўзбекистон овози” газетасининг 20 июль сонида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Шерзод Ғуломовнинг “Мезон – ҳаққонийлик ва холислик” сарлавҳали мақоласи чоп этилди.

Ўзбекистон давлатчилиги тарихида илк маротаба ўтказилаётган профессионал парламент сайловлари, хусусан, сайловолди жараёнида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ҳақидаги ушбу мақолада муаллиф, жумладан, бундай ёзади: “Ҳали мамлакатимизда парламент сайловлари бошланишига бир неча ой борлигига, сайловолди ҳаракатлари бошланмаганига қарамай, баъзи халқаро ташкилотлар, хориждаги айрим оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда бўладиган парламент сайловлари ҳақида ўз хулосаларини эълон қилиб қўйибди. Уларнинг фикрича, декабрда бўладиган сайловлар нодемократик тарзда ўтар эмиш. Гўё Ўзбекистонда демократик сайловлар ўтказишга шароит йўқ эмиш. Мамлакатимиз сайлов қонунчилиги демократик асосларга эга эмас эмиш. Бу даъволарнинг асоссизлигини мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар билан танишган ҳар бир киши дарҳол ҳис қилиши мумкин ” .


“Ҳуррият” мустақил газетасининг 21 июлдаги сонида журналист Собиржон Ёқубовнинг “Бепул... пуллик хизмат” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда тиббий хизмат тизимида олиб борилаётган ўзгаришлар хусусида мулоҳаза юритган журналист қуйидагиларни ёзади: “Ўрнатилган тартиб-қоидага мувофиқ, соғликни сақлашнинг бирламчи тизими аҳолига хонадонларда ҳам ёрдам кўрсатишга мажбур. Бироқ ўрганилган шифо масканларининг 40 фоизи ўз мажбуриятини бажармагани кишида ташвиш уйғотади. Мамлакатимизда биринчи маротаба ташкил этилган мониторинг қишлоқ ва шаҳарлардаги тиббий муассасалар ўртасидаги фарқ анчайин катта эканини кўрсатади. Айнан ана шу тафовут туфайли ҳам имтиёзли гуруҳ фуқаролар қонуний ҳуқуқларидан фойдалана олмай, ўз чўнтакларидан қўшимча сарф-харажат қилишга мажбур бўлмоқдалар ” .


“Моҳият” газетасининг 23 июль кунги сонида журналист Турсунхўжа Азлархоновнинг “Гўмма”нинг “Гумма”дан фарқи бор” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Муаллиф Тошкент шаҳрида кенг тарқалган, хамирли маҳсулот “Гумма”нинг ёзилишида хато борлиги ҳақида ёзади: “Гумма тери остида ёғ қаватдан ҳосил бўладиган тугундир. Унинг “гумма” деб аталишига сабаб тугун - шиш ёрилгандан кейин ундан суюқлик чиқади. Гумманинг катталиги ёнғоқдай келиб, пайпаслаб кўрилса, қўлга қаттиқ тегади. Бу гумма - заҳм гуммаси, юмшагач ёрилади. Демак таомимизнинг номи гумма эмас”гўмма” экан. Атиги “у” ҳарфининг тепасидаги биттагина тутуқ белгиси фаҳмсизлик билан тушириб қолдирилса, сўзнинг маъноси бутунлай ўзгараркан. Зеро, савод фақат зиёлиларга эмас, гўммафурушга ҳам керак экан” .



“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 23 июль кунги сонида журналист Ф.Маҳкамовнинг “Яшарган Турон” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Муаллиф Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида жойлашган “Турон” илмий-универсал кутубхонасининг қайта таъмирдан чиққани ва у ерда ҳозирда мавжуд бўлган қулайликлар ҳақида тўхталар экан, жумладан, бундай ёзади: “Кутубхонада компьютер ва Интернет хизматидан фойдаланиш учун шароитлар яратилган. Китобхонлар шу ернинг ўзидан туриб Интернет тармоғи орқали бошқа кутубхоналар билан уланиб, зарур маълумот олишлари мумкин. Ўз навбатида, “Турон” кутубхонасининг веб-сайти ҳам мавжуд. Кутубхона фонди ҳозирда 400 000 дан ортиқ китобни ташкил этмоқда” .

Эслатиб ўтамиз, кутубхона 1913 йилда Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Чўлпон, Маннон Уйғур каби машҳур шахслар томонидан ташкил этилган.
XS
SM
MD
LG