Линклар

logo-print

Хоразм қовунига қирғин келди


Меҳрабон Бир вақтлар машҳур араб сайёҳи Ибн Батута: “Ислом оламининг на шарқида, на ғарбида Хоразм қовунига тенг келадигани йўқ”, деб ёзган экан. Мағрибу машриқда донғи кетган Хоразм қовунлари сўнгги икки йил давомида “полиз пашшаси” номини олган қурт туфайли нобуд бўлмоқда.

Маълум бўлишича, Урганч шаҳридаги марказий деҳқон бозорида бугунги кунда сотилаётган қовун-тарвознинг асосий қисми Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидан олиб келинади.

Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрилик Икром Йўлдошевнинг сўзларига қараганда, Сурхондарёда полиз пашшаси учрамайди. Чунки бу вилоятнинг об-ҳавоси тоза, суви яхши.

Кузатувларга кўра, сўнгги икки йил давомида Хоразмда қовун полиз пашшасидан нобуд бўлгач, жорий йилда вилоятдаги кўпгина хўжаликлар қовун экишдан воз кечган. “Хоразм ҳақиқати” газетасида чоп этилган “Бу йил Хоразмда қовун бўладими?” сарловҳали мақолада ёзилишича, полиз пашшаси минтақага жанубий мамлакатлардан кириб келган. Пашша қовун тугунаги муштдек бўлганида унинг устига тухум қўяди. Тухумдан чиққан қурт қовун мағзини еб, унинг уруғи томон ҳаракатланади. Натижада қовун пўчоғида тешиклар пайдо бўлади ва кирган ҳаво унинг бузилишига олиб келади. Бу йил ҳам қовунларнинг мазкур зараркунанда томонидан нобуд қилиниши ҳолатлари кузатилган.

Вилоят ўсимликлар карантини инспекцияси бошлиғи Султонбой Қаландаровнинг таъкидлашича, кимёвий препаратлар билан ишлов бериш орқали қовун ҳосилини сақлаб қолиш мумкин. Хусусан, полизга аммофос билан ишлов бериш яхши натижа беради.

Бироқ кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, полиз пашшасидан сақланиш учун кимёвий препаратларнинг ҳаддан зиёд кўп ишлатилиши оқибатида қовунларнинг истеъмолга яроқсиз ҳолга келиб қолиш ҳолатлари учрамоқда. Урганч марказий деҳқон бозоридаги 1-лаборатория мудири Роҳатой Давлатованинг билдиришича, қовун-тарвузлардаги нитрат ва нитрит миқдори мунтазам текшириб борилади. Мазкур моддалар меъёрдагидан кўп бўлган полиз маҳсулотлари сотувга чиқарилмайди.

Маълумотларга кўра, бир вақтлар Хоразмда қовуннинг 100 дан зиёд нави экилган. Улар орасида “оқ наввот”, “қариқиз”, “гулоби”, “гуррак” кабилар жуда машҳур бўлган. Бугунги кунга келиб эса уларнинг жуда кам нави сақланиб қолган.
XS
SM
MD
LG