Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:00

Журналист ўз ажали билан ўлганми?


Шайбон Ўтган ҳафтада Қозоғистоннинг “Навигатор” Интернет газетаси муҳаррири Асхат Шарифжонов ҳаётдан кўз юмди. Расмий маълумотларга кўра, журналист 16 июл куни соат 23:00 да Олмаота шаҳрининг Абай ва Авезов шаҳарлари чорраҳасида автоҳалокатда жиддий жароҳат олган ва вафот этган. Қозоғистонлик журналистлар расмий текшириш натижаларига шубҳа билдирмоқда. Уларнинг фикрича, А.Шарифжонов ҳаётига суиқасд қилинган.

Ўзбекистонлик журналистлар қозоғистонлик ҳамкасбларининг ўлими юзасидан аниқ фикр билдириш қийинлиги, зеро, бу воқеа бўйича маълумот танқислигини айтмоқда. Шунга қарамай, уларнинг сўзларига қараганда, бир қанча гумонларни илгари суриш мумкин.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг билдиришича, журналистнинг бундай ҳолатда вафот этиши айрим гумонларни туғдиради. А.Шарифжонов ҳукуматга ёқмайдиган мақолалари билан уларнинг қитиқ-патига тегиб қўйган бўлиши мумкин.

Журналист Галима Бухарбоеванинг айтишича, автоҳалокат чиндан ҳам юз берган бўлиши мумкин.

“Журналистнинг ўлими сабаблари ҳақида аниқ бир нарса айта олмайман. Балким бу чиндан ҳам бахтсиз ҳодисадир? Аммо кўпчилик қозоғистонлик ҳамкасблар томонидан А.Шарифжоновга суиқасд қилингани ҳақида айтилаётган фикрлар рост бўлса, бу ўта ачинарли ҳол. Зеро, журналист қуролсиз, ошкора фаолият юритувчи шахс. Унинг иши қандайдир хусумат ва ҳасаддан иборат эмас”, деди Г.Бухорбоева.

Мустақил журналист Ботир Ҳайдаровнинг сўзларига қараганда, агар А.Шарифжонов чиндан ҳам расмийлар буюртмаси бўйича ўлдирилган бўлса, бу уларнинг журналист қаршисида нечоғли ожизлигидан далолат беради. Зеро, журналист ўзининг фикри билан ҳукуматнинг нотўғри сиёсатига қарши чиққанда унга қарши куч ишлатиш ожизлик белгисидир.

А.Аннаевнинг фикрича, халқнинг бир вакили сифатида журналистнинг ҳукумат камчиликларини рўй-рост айтишга ҳақи борлигини амалдорлар тушуниб етиши керак. Чунки бу журналистнинг асл вазифасидир. Журналистни душман сифатида кўриш ниҳоятда нотўғридир.

Кўпчилик журналистларнинг эътирофича, аксарият амалдорлар чиндан ҳам журналистни ўзларига рақиб, ҳатто душман деб билади.

Г.Бухорбоеванинг айтишича, бунинг сабаби оддий, яъни журналистни рақиб ўрнида кўраётганларда сир сақланиши лозим бўлган нарсалар мавжуд. Журналист эса бундай кимсалар учун таҳдиднинг ўзгинаси. Зеро, мақолаларда у кўпгина кирдикорларни очиб ташлаши мумкин.
XS
SM
MD
LG