Линклар

Ўзбекистон Россия матбуоти талқинида


Абдуллоҳ Эргаш Россияда нашр этиладиган газеталарнинг сешанба кунги сонида Ўзбекистон ҳаётига оид мақолалар анчагина. Қатор мақолалар Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқалари, Россия ва АҚШ билан ҳарбий ҳамкорлиги ҳамда “Уздунробита” уяли алоқа ширкатининг Москвадаги МТС компаниясига сотилиши масалаларига бағишланган. Ҳамкасбим Абдуллоҳ Эргаш ана шу мавзуларни ёритган Россия газеталарини варақлади.

“Ғарб демократиясининг Ўзбекистон билан яқиндагина бошланган алоқаси якун топаётганга ўхшайди. Америка ва Европанинг Президент Ислом Каримов режимини демократиялаштиришга бўлган умидлари амалга ошмайдиган ҳаёллигича қолаверади. Бунга ишонч ҳосил қилган Ғарб энди Тошкентга бериладиган иқтисодий ёрдамларни қисқартириш йўлини танлади”.

“Независимая газета”нинг “Тошкент Япония билан муносабатларини яқинлаштирмоқда” сарлавҳали мақоласи ана шундай бошланади.

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан муносабатларида АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари ўрнини Хитой, Япония ва Россия эгаллаши мумкин. Масалан, Япония 12 йил давомида Ўзбекистонга 1,5 миллиард доллар миқдорида иқтисодий ёрдам кўрсатган. Мақолада, жумладан, шундай дейилади:

“Япония кредитлари ҳисобига Ўзбекистон келажакда Узоқ Шарққа ёнилғи етказиб берувчи асоси
й давлатлардан бирига айланади, деб таҳмин қилинмоқда. Бироқ, Узоқ Шарқ бозорига чиқиш йўли Россия ёки Хитой орқали ўтади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, тез орада Москва, Пекин ва Токио ўртасида Ўзбекистон захиралари учун жиддий рақобат бошланади. Шуниси қизиқки, бу учала давлатни ҳам Ўзбекистондаги режимнинг қай даражада демократик эканлиги мутлақо қизиқтирмайди”.


Москвада нашр этиладиган “Компания” журнали эса Россиянинг МТС уяли алоқа компанияси томонидан Ўзбекистонда мобил телефон хизмати кўрсатувчи “Уздунробита” ширкатининг сотиб олинишини таҳлил қилади. Журналга кўра, МДҲнинг бошқа мамлакатларига қараганда Ўзбекистонда мобил алоқа хизмати анча қиммат. Камбағаллик туфайли бу мамлакатда уяли телефонларни фақат 1,5 фоиз аҳоли қўллайди ва бу турдаги телефонларга эга одамларнинг қарийиб 50 фоизи “Уздунробита” хизматидан фойдаланади.

“Мана шу омиллар МТСнинг Ўзбекистонда ривожланишига тўсиқ бўлиши мумкин”, - деб хулоса чиқаради “Компания” журнали.

Бироқ, МТС компанияси вакили бундан бир хафтача муқаддам “Озодлик”радиоси мухбири билан бўлган суҳбатда айни масалада буларни билдирган эди:

"Ўзбекистон биз учун энг мухим ва энг катта бозордир. Қолаверса, Ўзбекистон аҳолиси кўплиги жиҳатидан МДҲда 3 давлат ҳисобланади. Бу ерда аҳолининг 1,5 фоизи уяли алоқа хизматидан фойдаланади ва бизнинг хизматимизга бу ерда талаб жуда катта. “Уздунробитани” сотиб олиш баробарида биз бу ердаги бозорни кенгайтириш имкониятларини ҳам сотиб олаяпмиз,» - деган эди МТС компанияси вакили Андрей Брагинский.

Москвада нашр этилувчи газеталарнинг айримлари эса сешанба кунги сонида Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан ҳарбий ҳамкорлиги масаласига эътибор қаратмоқда.

Жумладан, “Время новостей” газетаси мана бундай хабар беради:

“Украинага расмий сафар билан борган Россия Президенти Владимир Путин Қримда дам олаётган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашди. Россия Президенти матбуот котиби Алексей Громовнинг хабар беришича, учрашувда Россия ва Ўзбекистоннинг ҳарбий ҳамкорлиги масаласи муҳокама қилинди”.

“Время новостей” газетасига кўра, Президентлар Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларидан бирида қўшма ҳарбий машқлар ўтказишга ҳам келишиб олганлар.

“Независимая газета” эса АҚШ генерали Жон Абизаиднинг 26 июл куни Тошкентга қилган сафарини ёритар экан, АҚШ Ироқдан олиб чиқиб кетилган Филиппин ҳарбийлари ўрнини Ўзбекистон ҳарбийлари билан тўлдирмоқчи, деган фикрни ўртага ташлайди.

“Испания ва ундан кейин Филиппин Ироқдан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетди. Америкаликлар ана шундан сўнг Иттифоқчи кучлар таркибини кенгайтириш учун янги ҳамкорлар излай бошалаганга ўхшайди. Агар улар сафига Ўзбекистон ҳам қўшилса, айтиш мумкинки, Вашингтоннинг Тошкентга берилмай қўйилган иқтисодий ёрдами аввалгисидан ҳам кўпроқ миқдорда қайта берила бошланади. АҚШ генерали Ўзбекистон раҳбарияти билан мана шу борада музокаралар олиб борган бўлиши мумкин,” – деб ёзади “Независимая газета”.
XS
SM
MD
LG