Линклар

logo-print

Қозоғистон сиёсати. Кимга қанд, кимга қамчи...


Абдуллоҳ Эргаш Қозоғистонда икки ойдан сўнг Парламент сайлови бошланади. АҚШ Давлат Котиби ёрдамчиси Элизабет Жонс куни кеча Қозоғистонга қилган ташрифи чоғида Президент Назарбоев билан учрашиб, уни Парламент сайловини эркин тарзда ўтказишга даъват қилди. Бироқ, кузатувчиларга кўра, бу мамлакат матбуоти ҳукумат босими остида бўлгани ва мухолифатнинг таниқли вакиллари қувғин қилингани, қамоқда сақланаётгани туфайли сайловлар эркин ўтмаслиги эҳтимоли кўпроқдир. Президент Назарбоев эса Парламент сайлови арафасида мухолифат билан сиёсий ўйинларни бошлаган кўринади.

Қозоғистон мухолифатидаги “Ақ-Жўл” партияси раҳбарияти ажабтовур воқеаларга гирифтор бўлди. Партиянинг ҳамраиси Булат Абилов суд ҳукми билан 2 йиллик синов муддати билан 1 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилди. “Ақ-Жўл” партиясининг яна бир ҳамраиси Алтинбек Сарсенбаев эса Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг фармони билан Матбуот вазири этиб тайинланди.

“Ақ-Жўл” партиясининг судланган раҳбари Булат Абилов суддан кейин:

”Мен суд қарорини ҳам, суднинг ўзини ҳам тан олмайман. Мен мамлакатимиздаги суд тизими ислоҳотга муҳтож деб ўйлайман”, -деб билдирган бир пайтда, “Ақ-Жўл” партиясининг Матбуот вазири этиб тайинланган раҳбари Алтинбек Сарсенбаев журналистларга мана буларни айтди:

”Биринчидан, Президент яқинда Конституцияга зид бўлган қонунни имзолашдан бош тортди. Бу демократик жараён давом этиши учун ташланган биринчи қадам бўлди. Иккинчидан, Президент атрофидаги одамлар сиёсий ислоҳотлар ўтказиш зарурати йўқ, деб қилаётган қаршилигига қарамай, Назарбоев сиёсий ислоҳотлар ўтказиш лойиҳасини эълон қилди. Учинчидан эса, Матбуот вазирлигига мухолифат вакили, яъни мени таклиф қилди”.

Алтинбек Сарсенбаев Матбуот вазири лавозимини эгаллагач ҳам, “Ақ-Жўл” партияси ҳамраислигидан кетмаслигини, ўз сиёсий ғояларига содиқ қолишини билдирди. Алтинбек Сарсенбаевга кўра, қамоқда ётган барча мухолифат вакиллари озод этилишлари зарур. Матбуот вазири, шунингдек, ўзининг Парламент сайлови арафасида ушбу лавозимга тайинланиши, қозоқ матбуотида сайлов ўтишининг эркин ва демократик тарзда ёритилишига туртки бўлади, деб ҳисоблайди.

Бироқ, “Қозоғистон” газетасининг Бош муҳаррири Шерғози Мухторбек Алтинбек Сарсенбаевнинг бу баёнотини амалга ошириб бўлмайдиган ҳаёлий режа, деб ўйлайди. Чунки, ҳукумат матбуотнинг асосий қисмини ўз қўлига олиб бўлган, қолган оммавий ахборот воситалари эса ҳукумат босимидан қўрқиб, “Оч қорним, тинч қулоғим” қабилидаги позицияни эгаллашлари мумкин.

”Мен Алтинбек Сарсенбаевни яхши биламан. У айтганидан қайтмайди ва Президентнинг олдига матбуот бўйича қатъий талабларни қўяди. Бироқ, бу талаблар амалга ошмайди ва қисқа муддатдан сўнг Алтинбек Сарсенбаев истеъфо беришга мажбур бўлади,” - дейди “Қозоғистон” газетасининг бош муҳаррири Шерғози Мухторбек.

Баъзи бир кузатувчилар, Алтинбек Серсенбаевни Матбуот вазири қилиб тайинлаш билан Нурсултон Назарбоев муҳолифатдаги йирик партия бўлган “Ақ-Жўл” ни иккига бўлмоқчи, партия раҳбарлари ўртасида иҳтилоф келтириб чиқармоқчи бўлган, деган фикрларни ҳам билдирмоқдалар. Чунки, “Ақ-Жўл” партиясининг маҳкамага тортилган ҳамраиси Булат Абилов суд ҳукми эълон қилингач, “Озодлик” радиоси қозоқ хизмати мухбирига берган суҳбатида:

”Мени Парламент сайловида иштирок этмаслигим учун, Қозоғистон ҳукуматининг буюртмаси билан суд қилишди”, - деб маълумот берган эди.
XS
SM
MD
LG