Линклар

Европа Иттифоқи Судан ҳукуматига қарши санкциялар жорий этишга таҳдид қилмоқда

  • Ҳасанжон

Хабарингиз бор, кейинги кунларда халқаро жамоатчилик Судандаги гуманитар бўҳрон юзасидан ташвиш билдирмоқда. Қатор мамлакатлар уни тўхтатишга қаратилган ҳаракатлар олиб бормоқда. Душанба куни Брюсселда йиғилган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари, агар Суданнинг Дарфур вилоятида инсон ҳуқуқлари оммавий равишда поймол этилиши тўхтатилмаса, Судан ҳукуматига қарши санкциялар жорий этишга таҳдид қилдилар. Бироқ, Германия, Британия, Швеция ва бошқа давлат вакилларининг бу ташаббусига Франция тўсқинлик қилган.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Суданга қарши зудлик билан санкциялар жорий этиш масаласида келишувга эриша олмадилар.

Судан ҳукуматига қарши санкциялар қўллаш ташаббусига Германия етакчилик қилди. Аммо учрашув Хартум расмийларига мунтазам босим кўрсатиш даъватлари билан кифояланди.

Европа Иттифоқи Президентлиги вазифасини бажараётган Голландия Ташқи Ишлар вазири Бернард Бот шу кунларда Европага сафар қилаётган Судан Ташқи Ишлар вазири Мустафо Усмон Исмоил билан учрашди. Музокара чоғида Бот Исмоилга Европа Иттифоқи вазирлари хавотирини етказганини маълум қилди:

”Биз Судан ҳукуматига босим кўрсатишни давом эттириш лозимлигини таъкидладик. Бу масала бугун қабул қилган декларациямизда қайд этилган. Аммо, менимча, энг муҳими Судан Ташқи Ишлар вазири билан шахсий мулоқот чоғида биз Судан ҳукумати хатти-ҳаракатини диққат билан кузатиб боришимизни, шунингдек ҳукуматга босим кўрсатишни давом эттиришимизни унга аниқ ва равшан баён қилдик” - деди Голландия Ташқи Ишлар вазири.

Европа Иттифоқи вазирлари агар Судан ҳукумати ваъдасини бажармаса, БМТ Хавфсизлик Кенгаши Суданга қарши санкциялар қабул қилиши керак, деган маънодаги баёнотни қабул қилди.

Маълумотларга кўра, Франция Европа Иттифоқининг Суданга қарши санкциялар жорий этиш ташаббуси Иттифоқнинг Судандаги вазиятга ҳарбий аралашуви масаласини маҳокама этишни хоҳламаган ва бу йўлдаги уринишларни тўхтатган.

Учрашувдан сўнг Франция Ташқи Ишлар вазири Мишел Барнье Суданнинг Дарфур минтақасидаги вазиятни нормаллаштириш масъулияти 53 мамлакат аъзо бўлган Африка Иттифоқи ташкилоти зиммасида эканлигини таъкидлади:

”Биз ўт очишни тўхтатиш келишувининг барча шартлари қандай бажарилаётганини кузатиш ва инсонпарварлик ёрдамларини белгиланган манзилга етказиш ишларига масъул бўлган Африка Иттифоқининг уринишларига ёрдам бкришни хоҳлаймиз. Мен бу гапларни эртага Суданга сафарим чоғида ҳам айтмоқчиман” - деди Франция Ташқи Ишлар вазири.

Барнье БМТ Хавфсизлик Кенгаши можарога алоқадор барча томонга босим кўрсатиши кераклигини айтди.

Европа Иттифоқи Суданга 208 миллион евро миқдорида инсонпарварлик ёрдами ажратди. Барньега кўра, Европа Иттифоқи расмийлари мазкур ёрдамлар мухтож одамларга тўла-тўкис етиб боришини хоҳлайди. Европа Иттифоқи Суданда сулҳ борасидаги келишув қандай бажарилаётганини назорат қилаётган Африка Иттифоқи миссиясига 12 миллион евро маблағ ажратди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ўзининг саккиз нафар мутахассисини минтақага жўнатмоқда.

Душанба куни Голландия Ташқи Ишлар вазири Бернард Бот Дарфурга инсонпарварлик ёрдамини етказиш ишлари сўнгги кунларда енгиллашганини билдирди.

Бот агар Судан ҳукумати ўз мажбуриятини бажармаса, Европа Иттифоқи санкциялар жорий этиш масаласини қайта кун тартибига қўйишини билдирди.
XS
SM
MD
LG