Линклар

“Даракчи”да ким “дарча” очди?


Дилнаво Ўзбекистондаги энг машҳур кўнгилочар нашр ҳисобланадиган “Даракчи” газетасининг “Даракчи-ТВ” иловаси биринчи саҳифасидаги бир материал олиб ташлангани боис, материал ўрни бўм-бўш ҳолда чоп этилди.

Саҳифадаги бўш жой, журналистлар тили билан айтганда, “дарча” деб аталади.

Самарқанддаги “СТВ” хусусий телерадиокомпанияси муассислигида чиқаётган газетанинг “Даракчи-ТВ” деб номланган иловасида Ўзбекистон ва Россия телеканаллари дастурлари, теледастурларга оид янгиликлар, теледастурлар ҳақида томошабинларнинг фикр-мулоҳазалари берилади. Илованинг 22 июль кунги сонида биринчи саҳифадаги мақола ўрни бўм-бўш, яъни “дарча” ҳолда босилди.

“Даракчи” газетасининг ўз исмини ошкор этишни истамаган ходимаси сўзларига қараганда, “дарча” ўрнида томошабинлардан келган мактуб ва бунга таҳририятнинг изоҳи бўлган. Мактубда “Ўзбекистон” телеканалида бир неча ҳафтадан буён намойиш этилаётган “Куз эртаги” телесериалининг эфирга узатилиш вақти теледастурда кўрсатилган вақтга тўғри келмаслиги айтилган. Масалан, 12 июнь куни “Куз эртаги” теледастурда кўрсатилганидан 25 дақиқа кеч эфирга берилгани, сериал ўрнига эса Зомин ҳақида кўрсатув намойиш этилгани айтилган. Мактуб эгаси бу ҳолат тез-тез такрорланишидан норозилик билдирган.

Газета ходимасининг таъкидлашича, “Даракчи” доимо танқидий, муаммолар акс эттирилган материаллар беришга интилади. Бу муаммоларни ёзиш очиқ-ошкора бўлмаса-да, у ёки бу қаҳрамонлар билан суҳбат орасида, кўп ҳолларда пардалик қилиб бериб борилади. Газета обрўсининг баландлиги, нусхаси катталигига шу ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Газета ходимасининг билдиришича, илованинг биринчи саҳифасига шу мазмундаги мактуб ва таҳририят изоҳи берилиши кимгадир ёқмаган бўлиши мумкин. Мазкур мақола саҳифадан олиб ташланиши ҳақида огоҳлантириш берилган. Зеро, унда “Ўзбекистон” телеканали обрўсига путур етказадиган гаплар бор эди.

Ходиманинг айтишича, газета муассиси бўлмиш “СТВ” компанияси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов иловадан шундан кичик ҳажмдаги мақола олиб ташланишини “аҳмоқгарчилик”, дея баҳолаган.

Ходима газета саҳифасидаги бўшлиқ кимнинг буйруғи натижаси эканини сир тутди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда “Даракчи” ҳафталик газетаси Ўзбекистондаги энг оммабоп нашрдир. Газетанинг ўзбек тилидаги охирги сони 173 минг 500 нусхада босилган. Рус тилидаги мустақил сони эса 40 минг нусхада чоп этилган.
XS
SM
MD
LG