Линклар

Милиция кийимидаги аёллар


Саида Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи хотин-қизлар сони тобора кўпайиб бормоқда. Маълум бўлишича, уларнинг асосий қисми ички ишлар тизимидаги паспорт назорати бўлимларида ишлайди. Улар кўпинча ҳужжатлар билан ишлаш, яъни ёзув-чизув ишларига жалб этилади.

Шу соҳада ишлайдиган аёлнинг сўзларига қараганда, улар, асосан, архив, статистика, картотека бўлимларида фаолият кўрсатади. Бунинг сабаби шундаки, эркаклар бу бўлимларда ишлашни ўзига эп кўрмайди, аёллар учун эса бу қониқарли иш.

Яқинда милиция академиясини тугатган Малика Абдураззоқова Тошкент шаҳри туманларидан биридаги ички ишлар бўлимига йўлланма асосида ишга жўнатилган бўлиб, у жиноят қидирув бўлими тезкор вакили сифатида фаолият кўрсатмоқда. М. Абдураззоқованинг айтишича, у ҳам кўпинча махфий ҳужжатлар билан ишлайди. Йиғилган статистик маълумотлар таҳлили билан шуғулланади.

Суҳбатдошларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда ички ишлар бўлимларида ишлаш истагида бўлган хотин-қизлар сони ортмоқда. Аммо эркак милиционерлар бундан норозилигини яшираётгани йўқ. Зеро, аёллар кўпайса, эркак милиционерларнинг иш ҳажми ҳам ортади.

Маълум бўлишича, жазони ижро этиш муассасаларида ишлайдиган аёллар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Хотин-қизлар сақланадиган қамоқхонада ишловчи аёлнинг билдиришича, у 30-35 минг сўм маош олади. Аёллар бундай турдаги муассасаларда ишлаши анча хатарли. Зеро, назоратчи аёлларнинг узоқ йиллик муддатларга озодликдан маҳрум этилган маҳбусалар билан тил топишиши анча мушкул кечади. Маҳбусалар жазони ижро этиш муассасаси ходимаси ҳаётига хавф солган ҳолатлар кўп марта кузатилган.

Яқинда озодликка чиққан собиқ маҳбус аёлнинг таъкидлашича, у қамоқ жазосини ўтаган муассаса раҳбари, унинг ўринбосарлари ҳамда юқори лавозимли офицерларнинг аксарияти Европа миллатига мансуб аёллардир. Оддий назоратчилар орасида эса ўзбек миллатига мансуб аёллар кўп учрайди.

Собиқ маҳбусанинг айтишича, жазони ўташ муассасаси ходималарида маошдан ташқари пул топиш имконияти бор. Масалан, маҳбусаларга яқинлари келтирган буюмлар, масалан, кийимни олиб кириб беришга ҳам улар 5-6 минг сўмгача пора сўрайди. Қамоқхонада иссиқ кийимлар берилмаслиги боис, маҳбусаларнинг яқинлари назоратчиларнинг айтганига кўнмасдан иложи йўқ.
XS
SM
MD
LG