Линклар

logo-print

"Фридом Хаус" "Хизб-ут-Таҳрир"ни қўллаб-қувватламаслигини билдирди

  • Сарвар Усмон

28 июль куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Озодлик мухбири "Фридом Хаус" ташкилотининг Қирғизистондаги вакили Стюарт Кандан "Чиндан ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари хавотирланганидай, "Хизб-ут-Таҳрир" Қирғизистонда давлат хавфсизлигига таҳдид солаяптими?"- деб сўради. Стюарт Каннинг жавоби бундай деди:

"Хизб-ут-Таҳрир"га нисбатан Ўзбекистонда қандай муносабатда бўлаётганларини ва бундай муносабат қандай ҳодисаларни келтириб чиқарганини эслаш зарур. Мамлакатдаги иқтисодий қийинчиликлар, қашшоқлик одамларнинг мана шундай ташкилотларга аъзо бўлиб қолишига туртки бераётир. Мана шу ўринда Қирғизистон Ўзбекистондан фарқланади. Ўзбекистонда репрессив режим ҳукм сурмоқда" .

"Фридом Хауc" ташкилоти вакилининг мана шу фикри янграган матбуот анжумани ўтказилишига эса, Қирғизистон Миллий Хавфсизлик хизмати раҳбариятининг "Фридом Хауc" ташкилоти "Хизб-ут-Таҳрир" партиясини қўллаб-қувватлаб, уни ҳимоя қилаяпти", деган баёноти сабаб бўлди.

Гап шундаки, шу йилнинг 1-мартида "Фридом Хаус"нинг Бишкекдаги ваколатхонаси "Қирғизистонда қийноқлар" мавзуида давра суҳбати ўтказган эди. Суҳбатга Ички Ишлар вазирлиги, Бош Прокуратура, ЕХҲТ, ЮСАИД вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда милициядан жабр кўрганлар иштирок этган. Суҳбат чоғида милиция томонидан калтакланганлардан бири ўзини "Хизб-ут-Таҳрир" аъзосиман, деб таништирганди.

"Фридом Хаус" ташкилотининг "Хизб-ут-Таҳрир"га нисбатан позицияси тўғрисида маълумот бериш учун уюштирилган матбуот анжуманида ташкилот вакили Стюарт Кан ўша давра суҳбатини ҳамда унда қатнашган хизбчини эслади. Канга кўра, ўша йигит давра суҳбатига хизбчи сифатида эмас, балки милициядан жабр кўрган бир фуқаро сифатида таклиф қилинган эди. Мана шу изоҳдан сўнг Стюарт Кан бундай деди:"Фридом Хаус" "Хизб-ут-Таҳрир"ни қўлламайди, у тарғиб қилаётган мафкурани қувватламайди. Қолаверса, биз умуман, ҳар қандай гуруҳни, агар у экстремистик бўлса, қўллаб-қувватламаймиз. Чунки, бундай гуруҳлар бошбошдоқликка бошлайди. Бу биз ишонган ғояларга зиддир" .

Бундан бир ой муқаддам – 28 июнь куни Ҳукумат уйида бўлиб ўтган бир йиғилишда диний экстремизмга қарши кураш масалалари муҳокама қилинган эди. Қирғизистон Миллий Хавфсизлик хизмати раиси муовини Тўқўн Мамитов йиғилишда чиқиш қилар экан, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари "Хизб-ут-Таҳрир"га қарши курашга тўсқинлик қилаяпти, деган эди:
"Хизб-ут-Таҳрир"нинг экстремистик фаолиятига қарши туришимизга инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи баъзи ташкилотлар акс таъсир кўрсатаяпти. Улар "инсон ҳуқуқлари" деган ёпирмоқ остида, хизбчилар диний эътиқоди учун қувғин қилинаяпти, деб ҳуқуқ-тартибот органларига, жумладан хавфсизлик хизмати ходимларига босим қилишмоқда. .

Тўқўн Мамитов фикрининг далили сифатида бояроқ эслаганимиз тадбир - 1-март куни
"Қирғизистонда қийноқлар" мавзуида "Фридом Хауc"нинг Бишкекдаги ваколатхонасида ўтказилган
давра суҳбатини ҳамда унда хизбчи йигит иштирок этганини эслаган эди, деб хабар берди Озодликнинг Бишкекдаги мухбири.

Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Қирғизистон ҳокимияти "Хизб-ут-Таҳрир"ни мамлакат хавфсизлигига таҳдид солувчи кучлардан бири, деб ҳисоблайди. Бош Прокуратура таклифига биноан, 2003 йили Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди хитойлик уйғурларнинг бир неча ташкилоти қаторида "Хизб-ут-Таҳрир"нинг ҳам Қирғизистон ҳудудида фаолият олиб боришини таъқиқлаб қўйган эди. Озодликнинг Бишкекдаги мухбири хабар қилишича, диний адоват қўзғашда айбланиб, сўнгги йилларда Қирғизистонда 384 киши қўлга олинган. Уларнинг аксарияти "Хизб-ут-Таҳрир" аъзоларидир.
XS
SM
MD
LG