Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:53

Журналист бошқармани судга берди


Шайбон Хабарларга кўра, кекса журналист, “Мавлоно” хусусий илмий-маърифий фирмаси раҳбари Маъруф Абдураҳмонов Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси устидан даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилган.

Даъвогарнинг сўзларига қараганда, газета чиқариш ҳам тадбиркорликнинг бир тури. Бироқ Фарғона вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси унинг ташаббусини бўғмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан журналистик текширув олиб борган маҳаллий журналистлардан бирининг таъкидлашича, М.Абдураҳмонов ўзи ташкил этмоқчи бўлган газетани рўйхатдан ўтказиш учун Фарғона вилояти матбуот ва ахборот бошқармасига уч бора ҳужжат топширган ва ҳар сафар рад жавобини олган. Биринчи марта эксперт комиссияси ҳужжатлардаги камчиликларни кўрсатиб, эгасига қайтарган. Иккинчи сафар журналист тадбиркор кўрсатилган камчиликларни тўғрилаб, яна ҳужжат топширган. Бу сафар ҳам ҳужжатларда камчиликлар бор, деган иддао билан қайтарилган. Учинчи гал эса ҳужжатлар умуман қабул қилинмаган. Шундан сўнг М.Абдураҳмонов Фарғона шаҳри хўжалик судига бошқарма устидан даъво аризаси билан мурожаат этган.

Маълум бўлишича, газетани рўйхатга олишда илк муаммо унинг номланиши юзасидан келиб чиққан эди. М.Абдураҳмонов ўз газетасига танлаган “Жиддий гаплар” номи бошқарма раҳбариятига ёқмаган ва тадбиркордан уни ўзгартиришни сўраган. М.Абдураҳмонов бу талабни бажарганига қарамай, газета рўйхатга олинмаган.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг билдиришича, мавжуд қонунларга кўра рўйхатга олувчи орган газета номини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли эмас. Бунда илгари ҳам шу номда газета нашр этилган-этилмагани текшириб кўрилади. Агар бундай номда газета чиқмаган бўлса, ваколатли орган уни рўйхатга олиши шарт.

М.Абдураҳмонов ўзи топширган ҳужжатларда газетани рўйхатга олмасликка асос бўлувчи ҳолатлар йўқлигини маълум қилди. Кекса журналистнинг айтишича, у бошқармага ҳужжат топширишдан аввал бу ҳужжатларда камчилик бор-йўқлигини текшириб беришни сўраб Адлия вазирлигига мурожаат этган. Вазирлик вакиллари барча ҳужжатлар тўғрилигини ва газета ҳеч қандай тўсиқларсиз рўйхатга олиниши мумкинлигини билдирган.

“Озодлик” мухбири мазкур воқеа юзасидан Фарғона вилояти матбуот ва ахборот бошқармасига қилган мурожаатлари жавобсиз қолди. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги вакили эса агентликнинг ҳудудий бошқармаси мутлақо мустақил ташкилот экани, шунинг учун агентлик бошқарма чиқараётган қарорларга аралаша олмаслигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG