Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:05

Ўзбекистондаги афғон муҳожирлари ўз ҳуқуқидан фойдаланишни истайди


Ишонч Хабарларга қараганда, Афғонистонда жорий йилнинг октябрь ойида ўтказиладиган Президент сайловида мамлакатнинг хорижда (Покистон ва Эрондан ташқари) истиқомат қиладиган фуқаролари иштирок этмаслиги маълум бўлди.

Ўзбекистонда яшовчи Афғонистон фуқаролари ҳукуматнинг ушбу қароридан таажжуб билдирмоқда.

Норасмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда Афғонистоннинг 10 мингдан ошиқроқ фуқароси истиқомат қилади. Президент сайловида қатнаша олмаслиги маълум бўлгач, улар ўзларининг фуқаролик ҳақ-ҳуқуқи бузилаётганидан шикоят қилмоқда.

Афғонистонлик журналист ва сиёсий таҳлилчи Саидамир Задроннинг таъкидлашича, Афғонистон Конституциясида мамлакат фуқаролари сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган. Фуқароларни қонун берган ҳуқуқлардан маҳрум қилишга эса ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Дунёнинг турли мамлакатларида миллионлаб афғон муҳожири яшайди. Уларнинг фақат Эрон ва Покистонда яшайдиганларигина Президент сайловида қатнаша олади. Бу жуда ажабланарлидир.

Афғонистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдул Самаднинг маълум қилишича, мамлакат сайлов комиссияси ва БМТ молиявий ҳамда техникавий сабабларга кўра шундай қарорга келган. Яъни сайловда фақат Эрон ва Покистондаги афғон муҳожирларигина қатнаша олади. Марказий Осиё, Россия ёки бошқа чет давлатларда яшовчи муҳожирларнинг сайловда қатнашмаслиги хусусида эса элчихонага расман маълумот берилмаган.

Ўзбекистонда яшовчи афғон муҳожирлари Эрон ёки Покистондаги тақдирдошларидан фарқли ўлароқ, ўз ҳуқуқларидан фойдалана олмаётганидан норозилик билдирди. Шунингдек, муҳожирлар ўзларининг мазкур тадбирда қатнашиш истагида эканини таъкидлади. Уларнинг фикрича, ўзга мамлакатларда яшовчи муҳожирларни сайлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш демократияга ҳам, ислом қоидаларига ҳам мос эмас.
XS
SM
MD
LG