Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:01

АҚШда Демократлар партиясининг қурултойи тугади


АҚШда ноябр ойида бўлиб ўтадиган Президентлик сайловларига тайёргарлик ўлароқ бир неча кун давомида Бостонда Демократлар партиясининг қурултойи ўтказилди. 29 июл куни қурултой ўз ишини якунлади. Йиғилишнинг охирги кунида Жон Керри партия номидан расман Президент лавозимига, Жон Эдвардс эса вице-президент лавозимига номзод қилиб кўрсатилди. Керри партия таклифини қабул қилиб, делегатлар олдида нутқ сўзлади.

А.А.: Ҳасанжон, Жон Керри ўз чиқишида нималар ҳақида гапирди?

Ҳ.: Керри партия таклифини қабул қилганидан кейин делегатлар олдида чиқиш қилиб, нутқининг деярли ярмини миллий хавфсизлик ва Ироқ уруши масаласига бағишлади. Вьетнам уруши ветерани сенатор Жон Керри амалдаги Президент Жорж Буш олиб бораётган сиёсатни танқид қилди.

Керри Бушни халққа нотўғри маълумот бериб Ироққа қарши уруш бошлаганлик ҳамда урушдан кейин Ироқда юзага келиши мумкин бўлган вазиятни инобатга олмаганликда айблади.

Жон Керри, агар Президент этиб сайланса, АҚШ ҳеч қачон сабабсиз уруш бошламаслигини ваъда берди:

”Агар Президент этиб сайлансам, мен мамлакатимиз анъаналарини қайта тиклайман. Америка Қўшма Штатлари ҳеч қачон шунчаки хоҳлагани учун урушга кирмайди. Мамлакат фақат мажбур бўлсагина, уруш бошлайди”.

Жон Керри, шунингдек, 2001 йил 11 сентябр воқеаларини ўрганган махсус комиссия тавсияларига кўра, биринчи навбатда мамлакатнинг разведка тизимини ислоҳ қилишини билдирди. Керри сўзида давом этиб, президент бўлса, қуролли кучлар сафига қўшимча 40 минг аскар қабул қилишишини билдирди.

А.А.: Керри Президент лавозимини эгалласа, мамлакат ўзида ва ташқарисида қандай сиёсат юритиши ҳақида ҳам гапирдими?

Ҳ.: Ҳа, Керри нутқининг муҳим жиҳатларидан бири айнан мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсати масаласи бўлди.

Хусусан, Керри АҚШнинг Яқин Шарқ минтақаси нефтига қарамлиги мамлакат ҳарбий қудрати ва иқтисодиётини хавф остига кўйишини таъкидлаб, агар Президент этиб сайланса, АҚШнинг энергия сиёсатини хавфсизлик масаласи билан чамбарчас олиб боришини таъкидлади.

Керри АҚШнинг собиқ Президенти Бил Клинтон маъмуриятида ишлаган тажрибали мутахассис ва сиёсатчиларни ўз ҳукуматига олишни режалаган.

Боснияда тинчлик ўрнатиш режаси муаллифи Ричард Холбрукка кўра, Керри ҳукумати аъзолари Жорж Бушникига қараганда анча тажрибали бўлади. Жон Керри навбатдаги Президент бўлса, Ричард Холбрукни Давлат Котиби лавозимига тайинлаш режасини билдирган.

Америкалик таҳлилчиларга кўра, Керри БМТ каби халқаро ташкилотларда ислоҳотлар ўтказишга ва улар орқали дунё бўйлаб АҚШ манфаатларини янада самарали ҳимоя қилишни режалаган.
Конгрессининг Ташқи алоқалар қўмитасида 20 йил ишлаган Жон Керри халқаро майдонда Американинг иттифоқчилари билан муносабатларини яхшилаш орқали халқаро терроризмга қарши самарали кураш олиб боришни ҳам кўзда тутмоқда.

А.А.: Ҳасанжон, маълумотларга кўра, Демократлар партияси қурултойи меҳмонлар ва кузатувчилар ҳам қатнашган. Шу ҳақда ҳам гапириб ўтсангиз.

Ҳ.: Тўғри айтасиз Азизулло ака. Йиғин ишини кўплаб меҳмонлар кузатишди. Қурултойда ўн беш минг меҳмон қатнашган. Улардан бир неча юз нафари хорижлик дипломатлар, сиёсатчилар ва сиёсий партиялар вакиллари бўлган. Меҳмонлар орасида яна Кавказ республикаларидан борган мухолифат вакиллари ҳам бор эди. Арманистонлик Степан Демирчян, озарбайжонлик Али Керимли ва грузиялик Давит Гамкрелидзе Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда, АҚШдаги мухолифат партияси ҳокимият учун сиёсий курашни қандай олиб бораётганини диққат билан кузатганларини ва бу қурултойдан ўзларига сабоқ олганларини алоҳида таъкидладилар.

2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин биринчи маротаба ўтаётган АҚШдаги Демократлар партияси қурултойини маҳаллий матбуот ва дунёнинг турли давлатларидан келган тахминан 15 минг журналист 4 кун узлуксиз ёритиб борди.

Раҳмат Ҳасанжон.
XS
SM
MD
LG