Линклар

Япония ўзбек темирйўлчиларига пул берди


Тўлқин Хабарларга кўра, 30 июль – Темирйўлчилар халқаро куни арафасида Япония ҳукумати Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларини боғловчи Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўлини бунёд этиш лойиҳаси учун 156 миллион доллар миқдорида узоқ муддатли кредит ажратиш тўғрисидаги шартномани имзолаган.

Мутахассисларнинг билдиришича, мазкур темир йўлнинг узунлиги 223 километр бўлиб, ҳозиргача унинг 90 километри қуриб бўлинган. Кўлами жиҳатдан Навоий-Учқудуқ-Султон Увайстоғ-Нукус темир йўли лойиҳасидан кейинги ўринда турувчи ушбу қурилиш баъзи сабабларга кўра тўхтаб қолган эди.

“Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси мутахассиси Бахтиёр Ғиёсалиевнинг сўзларига қараганда, Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўли қурилишининг мураккаблиги шундаки, бу йўналиш, асосан, тоғ, адирлик ва чўл ҳудудларидан ўтади ҳамда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларини бир-бирига боғлайди. Лойиҳанинг умумий қиймати 480 миллион АҚШ долларига тенг. Бу маблағ компания, қисман давлат бюджети ва Япония ҳукумати кредити ҳисобидан қопланиши мўлжалланган. Япония кредити лойиҳанинг Деҳқонобод-Бойсун йўналишидаги мураккаб муҳандислик ишларига, шунингдек, махсус қурилиш техникаси етказиб беришга сарфланади.

Б.Ғиёсалиевнинг таъкидлашича, лойиҳа тўла амалга оширилгач, Қарши ва Термиз шаҳарлари орасидаги темир йўл масофаси 184 километрга қисқаради.
Бу йўлнинг стратегик аҳамияти шундаки, у ишга тушгач, Қашқадарё ва Сурхондарё тоғларидаги конларни ўзлаштириш жадаллашади. Бундан ташқари, Ўзбекистон поездларининг Туркманистон ҳудудидан ўтишига эҳтиёж қолмайди.

Б.Ғиёсалиев янги темир йўл қурилиши 2007 йилда қуриб битказилишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG