Линклар

Тошкентда яна портлашлар

  • Садриддин Ашур

30 июль куни Тошкентдаги АҚШ ва Исроил элчихоналари олдида, Ўзбекистон Бош прокуратурасининг фойесида портлашлар юз берди. Дастлабки маълумотларга кўра, барча портлашлар камикадзелар томонидан содир этилган.

Озодлик” мухбирлари портлашлар юз берган жойларда бўлди.

“Озодлик” мухбири Садриддин портлаш содир бўлган вақтда Исроил элчихонасидан 300 метрлар узоқликда жойлашган бинода АҚШнинг “Айрекс” ташкилоти томонидан ташкил этилган тадбирда қатнашаётган эди. Портлаш юз бергандан сўнг бир неча дақиқа ўтгач, у воқеа жойига етиб келди ва гувоҳлар билан суҳбатда бўлди.

Гувоҳлардан бирининг сўзларига қараганда, Исроил элчихонаси олдида бир киши ўзини портлатиб юборган. Худкушнинг парчаланган тана бўлаклари ҳар томонга сочилиб кетган. Баъзилар худкуш эркак киши эканини айтмоқда.

Воқеа жойида ҳозир бўлган расмийлардан маълумот олишнинг иложи бўлмайди. Хорижий матбуот вакилларидан бир нечасининг воқеа жойига яқин боришга уриниши самара бермади.

Гувоҳларнинг таъкидлашича, одамлар Исроил элчихонаси олдида икки кишининг ҳалок бўлгани, бир неча кишининг яраланганини кўрган.

“Озодлик” мухбири Тўлқин АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдидаги портлаш тафсилотларини ўрганишга ҳаракат қилди.

Мухбир билан суҳбатлашган гувоҳларнинг сўзларига кўра, портлаш тахминан 16.45 да содир бўлган. Портлаш кучи катталигидан элчихона ва унинг яқинида жойлашган уйларнинг дераза ойналари синиб кетган. Ўзини портлатиб юборган камикадзенинг таналари бўлакларга бўлиниб, ҳар томонга отилиб кетган. Етиб келган тез тиббий ёрдам машинаси икки милиционерни шифохонага олиб кетган. Оддий фуқаролар орасида ҳам дераза ойналари синишидан жароҳатланганлари бўлиши мумкин.

Гувоҳларнинг айтишича, бу ерда ҳам эркак киши ўзини портлатган.

“Озодлик” мухбири Шайбоннинг маълум қилишича, яна бир портлаш Бош прокуратуранинг Яҳё Ғуломов кўчасида жойлашган асосий биноси фойесида 17.00 да содир бўлган.

Воқеа гувоҳларнинг мухбирда билдиришича, бу ерда тахминан қирқ ёшлардаги эркак киши ўзини портлатиб юборган.

Портлашдан сўнг қарийб ярим соатлар ўтгач, воқеа жойига ички ишлар вазири Зокиржон Алматов етиб келди. Вазирнинг айтишича, портлашдан икки милиционер ва прокуратуранинг икки ходими енгил жароҳат олган.

Портлашлар бир неча соат ўтгач Ўзбекистон телевидениесининг “Ахборот” дастури орқали тарқатилган расмий маълумотларга қараганда, портлашлар соат 16.45 ва 17.00 да содир бўлган. Бунинг оқибатида элчихоналар олдида навбатчилик қилаётган Ички ишлар вазирлигининг бир ходими ва Миллий хавфсизлик хизматининг бир вакили ҳалок бўлган. Тўққиз киши яраланган бўлиб, уларнинг иккитаси оғир аҳволдадир. Элчихоналар бинолари деярли зарар кўрмаган. Бош прокуратура фойесига эса шикаст етган. Террорчи-камикадзеларнинг шахси аниқланмоқда. Бир террорчи ёнидан шахсини аниқловчи ҳужжатлар топилган. Ушбу воқеа муносабати билан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида ҳукумат комиссияси тузилган. Унинг таркибига тегишли идора ва хизматлар вакиллари киритилган. Портлашлар муносабати билан тергов бошланган, террорчилар шахсини ва уларнинг эҳтимоли бор бўлган алоқаларини аниқлаш борасида тадбирлар бошлаб юборилган. Шу билан бирга, элчихоналар ва бошқа муҳим объектлар кучайтирилган хавфсизлик чоралари кўрилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокировнинг сўнгги маълумотларга асосланиб “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, портлаш вақтида Исроил элчихонаси олдида навбатчилик қилаётган бир милиционер ва МХХнинг бир ходими ҳалок бўлган. АҚШ элчихонаси олдидаги портлашда эса қўриқчилардан икки нафари яраланган. Ҳар икки давлат дипломатлари террорчилик ҳаракатларидан зарар кўрмаган.
XS
SM
MD
LG