Линклар

Афғонистондаги президентлик сайловларида ягона аёл номзод қатнашади

  • Ҳасанжон

Афғонистонда 9 октябрга белгиланган Президентлик сайловларига қизғин тайёргарлик кетмоқда. БМТ маълумотига кўра, ҳозиргача сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 90 фоизи рўйҳатга олинган. Бироқ, бу жараён мамлакат жанубида секин бормоқда. Айни пайтда, Президентлик сайловларида бошқа даъвогарлар орасида ягона аёл номзод қатнашиши ҳам маълум бўлди. Бу номзод - Масуда Жалол фақат ўз кучи ва тарафдорлари таянчига умид қилмоқда.

БМТ маълумотига кўра, Афғонистонда октябр ойида ўтадиган президентлик сайловларида ҳар ўн фуқародан тўққизтаси рўйхатга олинган. Кузатувчилар буни Афғонистонда демократик сайловлар ўтказиш йўлида олдинга ташланган муҳим қадам, дея баҳоламоқдалар.

Бу сайловларда аёллар ва кам сонли халқлар биринчи марта қатнашади. БМТ билдиришича, рўйхатдан ўтган афғонистонликларнинг 41 фоизини аёллар ташкил этади.

Афғонистоннинг шимолий, ғарбий ва марказий минтақаларида фуқароларни рўйхатга олиш ишлари фаол ўтди. Чунки сайловларда қатнашмоқчи бўлган номзодлар ўз тарафдорларини рўйхатидан ўтишга рағбатлантирди.

Афғонистон жанубидаги бешта вилоятда 1 миллион 50 минг паштун яшайди. БМТ маълумотига кўра, ҳозиргача уларнинг тахминан 30 фоизи рўйхатга олинмаган. Бунга сайлов расмийларига қарши уюштирилаётган ҳужумлар сабаб бўлмоқда. Май ойидан бери сайлов расмийларига қарши уюштирилган қуролли ҳужумлар оқибатида камида тўққиз расмий нобуд бўлди.

БМТ вакили Дэвид Сингхга кўра, Афғонистон шимолида кутилганидан кўра анча кўп фуқаро рўйхатга олинган. Шу билан кузатувчилар баъзи одамлар бир неча марта рўйхатга олинган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Аммо расмийлар сайлов куни овоз берувчи одам бармоғига ўчмас сиёҳ суриш орқали уларнинг икки марта овоз беришига йўл қўйилмаслигини айтмоқдалар.

Афғонистонда Президентлик сайлов кампанияси қизғин паллага кирмоқда. Кузатувчилар фикрича, сиёсий кураш асосан ҳозирги Президент Ҳамид Карзай ва собиқ Маориф вазири Юнус Қонуний ўртасида кечади. Айни пайтда сайловларга ўз номзодини қўйган ягона аёл – Масуда Жалол кўпчилик диққатини ўзига тортмоқда.

Уч фарзанднинг онаси бўлган 41 ёшли Масуда бундан икки йил олдин Лўя Жирға – Оқсоқоллар Кенгашида президентлик лавозими учун курашган. Ўшанда унинг рақиби Ҳамид Карзай Кенгаш аъзоларининг 1 минг 295та овозини олган, Масуда эса 171та овоз олишга муваффақ бўлган.

Масуда Жалолнинг президентлик сайловларида қатнашиши кўпчилик учун кутилмаган воқеа бўлди. Унга кўра, Афғонистон Олий Судининг Диний Фармонлар бўлимига Жалолнинг сайловда қатнашиши исломга тўғри келмаслиги ҳамда ноқонуний эканлигини эълон қилиш ҳақида икки марта буйруқ берилган. Бундан ташқари унга ўлдирамиз, дея таҳдид ҳам қилишган.

Таҳдидлар ва молия етишмаслигига қарамай, Масуда Жалол ўз тарафдорларининг президентлик сайловларида қатнашиш ҳақидаги чақириғига бефарқ қарай олмаслигини айтади.

Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда:

”Улар мендан яна сайловларда қатнашишни сўрашяпти. Мен уларга агар мени қўллаб-қувватлаб, овоз берсалар ва сайловолди кампаниясида қатнашсалар, ўз номзодимни қўйишимни айтдим. Чунки менинг қўлимда ҳеч қандай восита йўқ. Менинг иҳтиёримда на радио, на телевидение, на матбуот ва на пул бор ” - дейди Масуда Жалол.

Катта молия ва ҳарбий кучга эга бўлмаганига қарамай, Масуда Жалол Президентлик сайловолди кампанияси давомида ўз оила аъзолари ва тарафдорлари таянчига умид қилишини айтади.
XS
SM
MD
LG