Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:08

Маҳаллий матбуот портлашлар ҳақида нима деди?


Шайбон 30 июль куни Тошкент шаҳрида содир этилган портлашлар дунё оммавий ахборот воситаларида тезкорлик билан ёритилди. Уларда таҳлиллар ва мутахассисларнинг мулоҳазаларига кенг ўрин берилди. Хўш, Ўзбекистон матбуотидачи?

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари портлаш содир бўлган куннинг ўзида, яъни 30 июль куни соат 19.30 да (портлашлар 16.45 ва 17.00 оралиғида содир бўлган) илк расмий маълумотни тарқатди. Бу маълумот “Ахборот” дастурининг русча сонида ўқиб эшиттирилди.

Маҳаллий журналистлардан бирининг айтишича, шу куни бироз кечроқ бўлса-да, расмий маълумот ўзбек тилида ҳам тарқатилган, ҳатто жойлардан кичик-кичик лавҳалар берилган. Бироқ одамларнинг бу воқеаларга муносабати, таҳлил ва мулоҳазалар тезкор тарзда эфирга узатилмаган.

Журналистнинг фикрича, маҳаллий ОАВда ҳеч бўлмаганда, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг яқиндан буён Тошкентда фаолият юргизаётган Аксилтеррор маркази мутахассисларининг воқеа хусусидаги нуқтаи назарлари эфирга узатилиши лозим эди.

Маҳаллий газеталарда ҳам воқеага оид таҳлилий мақолалар ёритилмаган бўлса-да, унга муносабатлар чоп этилди. Ўзбек матбуотидан фарқли ўлароқ, хорижий нашрларда портлашлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олган гуруҳлар ҳақида маълумот тарқатилди. Бироқ Ўзбекистон ОАВ бу борада 31 июль Тошкент вақти билан соат 22.00 гача сукут сақлади. Худди шу вақтда марказий телевидение орқали Президент Ислом Каримовнинг содир бўлган воқеалар юзасидан билдирган мулоҳазалари эфирга узатилди. Президент ўзининг назарида портлашларнинг ҳақиқий ижрочилари кимлиги хусусида маълумот берди.

“Оммавий ахборот воситалари бу воқеалар учун жавобгарликни Ўзбекистон исломий ҳаракати ўз зиммасига олганини эълон қиляпти. Агар бу гуруҳ жавобгарликни зиммасига оладиган бўлса, ҳизбчиларнинг (“Ҳизб ут-таҳрир” диний оқими аъзоларининг) мазкур жиноятга ҳеч қандай алоқаси йўқ, деган хулосага келиш мумкин. Хулоса шундай бўлишини кўзлаган баъзи кучлар ахборот воситалари орқали мана шундай хомхаёлни тарқатмоқда”, деди Президент.

Хўш, портлашлар 30 июль куни соат 16.45 ва 17.00 оралиғида содир этилган, Президентнинг марказий телевидение орқали чиқиши 31 июль куни 22.00 да эфирга узатилган бўлса, маҳаллий аҳоли мазкур воқеалар ҳақидаги дастлабки маълумотларни қаердан олди?

Баъзиларнинг айтишича, улар дастлабки маълумотларни Ўзбекистон телевидениеси хабар беришидан анча аввал таниш-билишларидан эшитган. Айримлар эса портлашлардан маҳаллий радио ва телевидение орқали ҳабар топганини таъкидлади.

Фуқароларнинг сўзларига қараганда, маҳаллий ОАВ воқеаларнинг тўлиқ тафсилотини маълум қилмаган. Бундан ташқари, улар портлаш ҳақида хорижий матбуотдан анча кеч хабар тарқатган.
XS
SM
MD
LG