Линклар

КХШТ халқаро терроризмга қарши якка ҳолда самарали кураша олмайди


Шайбон Шу кунларда Қозоғистон ҳудудида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо давлатлар қуролли кучлари иштирокида ҳарбий машқлар ўтказилмоқда. “Чегара-2004” номли ушбу машқларнинг иккинчи босқичи Қирғизистонда бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Маълумотларга қараганда, машқларда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан икки мингга яқин аскар ва офицер қатнашмоқда. Шунингдек, машқларга Россиянинг Қирғизистондаги Кант ҳарбий базасига тегишли Су-27, Су-25, МиГ-29 самолётлари ҳамда Ка-50 вертолётлари, жами 25 та ҳарбий самолёт ва вертолёт жалб қилинган. Ўзбекистон ушбу ҳарбий машқларда кузатувчи сифатида иштирок этмоқда.

Ҳарбий машқлар халқаро террорчи гуруҳлар Фарғона водийси ва унга қўшни ҳудудлардаги вазиятни кескинлаштирганда уларга зарба бериш йўлларини ишлаб чиқиш, КХШТ ҳарбий бўлинмаларининг биргаликдаги ҳаракатларини ташкил этиш сценарийси асосида олиб борилмоқда.

Мазкур ҳарбий машқларнинг ўтказилиши ўзбекистонлик экспертларда турли фикр-мулоҳазалар туғдирмоқда.

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқовнинг таъкидлашича, КХШТ халқаро терроризмга қарши кураша олиш қудратига эга ташкилот эмас. Чунки унинг фаолиятида кўп ҳолларда қуруқ гапдан нарига ўтишдан бошқа жиҳат кўзга ташланмайди. Аксилтеррор жараёни бошида технологик жиҳатдан пешқадам, молиявий қудратли давлатлар турмоғи керак. КХШТ аъзолари эса бундай имкониятлардан маҳрум. Шунинг учун улар якка ҳолда халқаро терроризмга қарши самарали кураша олмайди.

Жамиятшунос Комрон Алиевнинг фикрича, бу ҳарбий машқлар КХШТ доирасида халқаро террорчиликка қарши биргаликда зарба бериш механизмини ишлаб чиқишга қаратилгани айтилаётган бўлса-да, мақсад аслида бошқа. Украина, Озарбойжон, Грузия, Молдова очиқдан-очиқ НАТО билан яқинлашиш сиёсатини олиб боряпти. Ўзбекистон ва Қирғизистонда АҚШ ҳарбий базалари жойлаштирилган. Бу эса Россиянинг кучли норозилигига сабаб бўлмоқда. Шу боис, Россия ўзининг Марказий Осиёга таъсирини тиклаш мақсадида мазкур ҳудудда ўз қуролли кучлари иштирокини таъминлашга уринаётир.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти 1992 йилнинг 15 май куни Тошкентда Ўзбекистон, Россия, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари томонидан тузилган. 1993 йилда ташкилотга Озарбойжон, Грузия ва Беларус ҳам қўшилган. 1994 йил 20 апрелдан бошлаб КХШТ расман фаолият кўрсата бошлаган. Аммо 1999 йил 2 апрелда шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш муддати келган вақтда Ўзбекистон, Грузия ва Озарбойжон ундан чиқиб кетди. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бу қарорни ташкилот мамлакатга зарур бўлган вақтда ҳеч қандай ёрдам кўрсатмагани билан изоҳлади.

Айрим кузатувчиларнинг фараз қилишича, сўнгги вақтларда Ўзбекистон-Россия муносабатларининг илиқлашгани сабабли Россия Президенти Владимир Путин Ислом Каримовга КХШТга қайта қўшилишни таклиф этиши ва у бу таклифга рози бўлиши мумкин.

Аммо М.Абдураззоқов бу тахминлар асоссиз эканини таъкидлади.

“Ўзбекистон раҳбарияти мамлакат ҳеч қандай ҳарбий иттифоққа аъзо бўлмаслигини айтиб келади. Яқинда Тошкентда юз берган портлашлардан сўнг АҚШ, Исроил ва Россия мамлакатга ёрдам қўлини чўзишга тайёрлигини билдирди. Шундай экан, бир иттифоққа қўшилиб, бошқасини инкор этишнинг зарарли оқибатларини Ўзбекистон раҳбарияти яхши тушунади”, деди сиёсатшунос.

Хабарларга кўра, КХШТга аъзо давлатлар ҳарбийлари иштирокидаги машқлар 6 августгача давом этади.
XS
SM
MD
LG