Линклар

Ҳужжат бўлмаса, пул билан ҳал қилинади

  • Садриддин Ашур

30 июль куни Тошкентда содир этилган портлашлардан сўнг Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарасидаги ўтиш-назорат пунктлари бутунлай беркитилган эди. “Озодлик” мухбири айни кунларда чегарадаги вазият қандайлигини ўрганди.

Тошкент вилоятининг шимолий чегарасида жойлашган “Ғишткўприк” чегара ва божхона маскани Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига ўтадиган энг асосий жой ҳисобланади. “Озодлик” мухбири бу ерга келганида Қозоғистонга ўтишни истовчилар кўп эмас эди. Чамаси 8-10 киши чегарачилар билан тортишиб турарди. Чунки аскарлар чегарадан ўтишга рухсат берувчи тегишли ҳужжатлари бўлмагани сабабли уларга қўшни давлатга чиқиб кетишга рухсат бермаётганди.

Маскандаги чегарачилар бошлиғи капитан Ражабовнинг айтишича, фуқароларнинг қўлида телеграмма, таклифнома ёки хизмат сафари қоғози бўлсагина чегарадан ўтишга рухсат этилади.

Шунга қарамай, бу ерда яхшигина хизмат ҳақи эвазига чегарадан ҳеч қандай ҳужжатларсиз ўтказиб қўйишни таклиф этаётган кишиларни учратиш мумкин. Улардан бирининг айтишича, бу кишилар чегарадан бошоғриқсиз ўтказиб қўйишга кафолат беради.

Абжир йигитлар бири эса тўғридан-тўғри марказий назорат пункти орқали чегарадан ўтказиб қўйишни таклиф этарди. Унинг айтишича, бу йўл орқали ўтиш қонуний бўлиб, чегарадан ўтаётган фуқарога божхона декларацияси тўлдирилади. Қозоғистон чегарасида эса унга иммиграция ҳужжати тақдим этилади. Бу хизмат 25 минг сўм туради.

Абжир йигитнинг сўзларига қараганда, у Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарачилари билан келишиб олган.

Яна бир йигит мижозларни машинадан тушмай, ҳеч қандай ҳужжатларсиз чегарадан Чимкент шаҳригача олиб бориб қўйишни ваъда қилди. У келишиб олинса, ҳеч қандай тўсиқсиз Чимкетга етказиб қўя олишига юз фоиз кафолат берди.

30 июлдаги портлашлардан сўнг Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан чегаралари бир қанча вақт ёпиб қўйилди. Бугунги кунга келиб эса вазият бироз юмшагандек. Кишиларнинг билдиришича, тегишли ҳужжатлар бўлса, чегарадан бемалол ўтиб олиш мумкин. Бўлмаса эса ҳамма ишни пул билан битириш мумкин.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати вакилининг таъкидлашича, портлашлардан сўнг мамлакат чегара қўшинлари хизматни кучайтирилган тартибда давом эттирмоқда. Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарасидаги Ҳайратон кўприги эса белгиланган тартибда ишламоқда.
XS
SM
MD
LG