Линклар

logo-print

Қарғалар учса қарайлик...

  • Садриддин Ашур

Бундан 90 йил муқаддам Биринчи жаҳон уруши бошланган эди. Мазкур урушда юз минглаб ўзбеклар фронт орти ишларига жалб қилинган. Уларнинг кўплари ўзга юртларда ўлиб кетган, баъзилари эса оёқ-қўлини совуққа олдириб, ватанга қайтган.

Қарғалар учса қарайлик Марғилоннинг йўлига,

Ҳиди келса маст бўлайлик ҳандалакнинг бўйига.
Ҳандалак бўйликкинам, сен унда зор, мен бунда зор,
Тўтиқушнинг боласидек иккаламиз интизор.

1914 йилда бошланган Биринчи жаҳон уруши пайтида Ўзбекистондан мардикорликка олиб кетилган андижонлик Худойберди қори Россия ўрмонлари тепасида учиб юрган қарғаларга қараб, юқоридаги сатрларни тўқиган. Кейинчалик бу шеър халқ қўшиғига айланиб кетди. Зеро, бу шеър Россия ўрмонларида дарахт кесиб юрган ўзбекистонлик мардикорларнинг Ватанга соғинчи ўлароқ юзага келганди. Санъатшуносларнинг айтишича, қўшиқ оҳанги бироз қувноқ бўлгани сабабли ҳамма ҳам ундаги маҳзунликни, соғинч ва айрилиқни бирданига англаб ололмайди.

“Шаҳидлар хотираси” жамғармаси раиси, адабиётшунос Наим Каримовнинг сўзларига қараганда, Биринчи жаҳон уруши Иккинчи жаҳон уруши сингари деярли ҳар бир ўзбек хонадонига талофат етказган. Мазкур уруш тўғрисида гапирганда, биринчи навбатда, Россия подшоси Николайнинг мардикорликка олиш тўғрисидаги фармони киши кўз олдига келади.


Поездингни жилдирган ўтхонаси билан дўнгалаги,

Двинскка кетди Андижон мард йигитининг бир бўлаги.

Двинскка кетмас эди мард йигитининг бир бўлаги,

Двинскка кетказиворган Николайнинг замбараги.

Бу қўшиқ матнини ҳам Худойберди қори ёзган, дейдилар. Қўшиқни эса марҳум ҳофиз Акбархон Ҳайдаров ижро этган.

Н.Каримовнинг таъкидлашича, халқнинг норозилигига қарамай, минглаб ўзбек йигитлари фронт ортидаги ишларни бажариш учун мардикорликка олиб кетилган. Урушда Россиянинг дўпписи тор келиб қолгандан сўнг, руслар назарида сиёсий жиҳатдан қолоқ бўлган туркистонлик 16 ёшдан 40 ёшгача бўлган эркаклар фронт ортидаги қора ишларга жалб этилган. Ёппасига мажбурий мардикорликка олиш халқ исёнларига сабаб бўлган. 1916 йилдаги оммавий ғалаёнлар сабабларидан бири ҳам айнан шу эди.

Н.Каримовнинг билдиришича, ўзбек зиёлилари ҳисобланган жадидлар ўша пайтда Николай подшо фармони бажарилмаслиги учун қаттиқ курашган. Улар ўзбек йигитлари мардикор бўлиб эмас, армияда рус аскарлари қатори хизмат қилиши лозимлиги ҳақидаги талабни қўйган. Улар бу талаби билан ўзбеклар ҳарбий билимларни эгалласа, тез орада мустақил Туркистонни барпо этиш мумкин, деган мақсадни кўзлаган эди.

Большевикларнинг октябрь инқилобидан кейин Россияга мардикорликка олиб кетилган йигитлар тақдири ҳеч кимни қизиқтирмади. Уларни ватанига қайтариш ҳақида ҳеч ким қайғурмади. Мардикорларнинг бир қисми турли азоблар билан уйига етиб келди. Бир қисми эса узоқ ўлкаларда оғир шароитларда ўлиб кетди.

Тарихчиларнинг фикрича, Биринчи жаҳон урушида ўзбекларнинг иштироки сингари тарихнинг муҳим қирралари ҳозиргача ёритилмай келинмокда. Масалан, Жиззах ва Тошкент қўзғолонлари сингари халқнинг норозилик ҳаракатлари тўғрисида на ҳужжатли, на бадиий фильм яратилган.

Н.Каримовнинг таъкидлашича, кеч бўлса-да, ота-боболар ҳақидаги мана шу хотираларни йиғишга ҳаракат қилиш лозим.
XS
SM
MD
LG