Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:08

Ўзбекистонлик терговчилар “Моссад”нинг ёрдамига муҳтож эмас


Ўзбекистонлик терговчилар “Моссад”нинг ёрдамига муҳтож эмас Маълумотларга кўра, 30 июлда Тошкентда содир бўлган портлашлар қурбонлари сони (камикадзелардан ташқари) тўрттага етди. АҚШ элчихонаси олдида қўриқчилик қилаётганида оғир жароҳатланган милиция катта сержанти Иброҳим Норметов шифохонада вафот этди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматидан олинган маълумотларга қараганда, И.Норметов 1968 йилда Қибрай туманидаги Чинобод қишлоғида туғилган. Портлаш вақтида унинг бош мияси ва бошқа аъзоларига оғир жароҳат етган. Шифохонада операция қилингандан сўнг милиционер ҳушига келмасдан ҳаётдан кўз юмган.

Вазирлик матбуот хизмати ходимининг айтишича, мазкур қўпорувчилик ҳаракатлари юзасидан текшириш ўтказишга ёрдам бериш мақсадида Тошкентга АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ва Исроилнинг “Моссад” махсус хизмати вакиллари келган. Улар тергов-суриштирув ишларини олиб бораётган ўзбекистонлик ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан учрашган.

Исроил элчихонаси ходими Аби Авидон портлашлардан сўнг Ўзбекистон ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик олиб борилаётганини таъкидлар экан, Исроил махсус хизмати вакилларнинг Тошкентга келгани ҳақида маълумот бера олмаслигини билдирди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқованинг сўзларига қараганда, айни пайтда портлаш натижасида жароҳатланганлардан беш киши шифохонада даволанмоқда. Уларнинг аҳволи анча яхши.

С.Ортиқованинг таъкидлашича, Интерпол, ФҚБ ва “Моссад” Тошкентда рўй берган портлашларни текширишда ўз ёрдамини таклиф этган. Мазкур ташкилотлар вакиллари Ўзбекистоннинг тергов-суриштирув гуруҳи раҳбарлари билан учрашган. Мазкур учрашувлар чоғида ҳозирча ёрдамга эҳтиёж йўқлиги маълум қилинган. Шундан сўнг “Моссад” вакиллари ўз юртига қайтиб кетган. ФҚБ ходимларининг қайтгани ҳозирча аниқ эмас.
XS
SM
MD
LG