Линклар

logo-print

Эрон Президентининг Озарбайжонга ташрифи давом этмоқда

  • Ҳасанжон

Озарбайжон ва Эрон қуруқлик ва денгизда чегарадош бўлишига қарамай, икки давлат яхши қўшничилик муносабатларига эга эмас. Шу кунларда Эрон Президенти Озарбайжонга сафар қилмоқда. Бу Эрон раҳбарининг 10 йилдан ортиқ вақтдан бери қўшни давлатга биринчи расмий ташрифидир. Ҳамкасбим Ҳасанжон билан суҳбатимиз айнан шу мавзуда.

А.А.: Ҳасанжон, Эрон Президенти Муҳаммад Ҳотамийнинг Озарбайжонга ташрифидан кўзланган асосий мақсад нима?

Ҳ.: Азизулло ака, Эрон раҳбарининг Озарбайжонга расмий ташрифи ҳозиргина айтиб ўтганингиздек, ўн йилдан ортиқ вақтдан бери биринчи марта амалга ошмоқда. Бу эса икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатлар турли сабабларга кўра кўнгилдагидек бўлмаганидан далолат беради. Шу сабабли Хотамийнинг мазкур ташрифдан кўзлаган мақсади – Эрон ва Озарбайжон муносабатларини яхшилашдан иборат.

Пайшанба куни Бокуга келган Эрон Президенти Муҳаммад Хотамий Президент Илҳом Алиев билан музокара олиб борганидан кейин:

”Эрон Исломий республикаси ва Озарбайжон республикаси ўртасидаги чегара – тинчлик, дўстлик ва биродарлик чегарасидир” - дея, икки қўшни давлат бир-бири билан яхши қўшничилик муносабати ўрнатиши мумкинлигига ишора қилди.

А.А.: Ҳасанжон, Эрон ва Озарбайжон раҳбарлари ўртасидаги музокара чоғида қандай масалалар муҳокама этилди?

Ҳ.: Музокара чоғида кўп йиллардан бери хал бўлмай келаётган Тоғли Қорабоғ муаммоси, энергия заҳираларига бой бўлган Каспий денгизига қандай расмий мақом бериш кераклиги, шунингдек, минтақа ва жаҳон сиёсий саҳнасида юз бераётган воқеалар муҳокама қилинди.

Тоғли Қорабоғ муаммоси ҳақида сўз юритган Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев:

” Озарбайжон учун энг оғир бўлган - Арманистон ва Озарбайжон ўртасида юз берган Тоғли Қорабоғ можароси масаласида Эрон бизни доим қўллаб-қувватлаб келган. Биз буни ҳозир ҳам ҳис қиляпмиз” - деди.

Шунингдек, Президент Хотамий Эрондаги бир неча миллион озарийлар яшайдиган Шарқий Озарбайжон вилояти маркази Табриз шаҳрида Озарбайжон республикаси консулхонаси очилиши ҳақида келишувга эришилганини маълум қилди.

А.А.: Ҳасанжон, Хотамийнинг ташрифи давомида қандай шартномалар имзоланди?

Ҳ.: Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги поғонага кўтариш мақсадида бир қатор шартномалар имзоланди. Улар орасида савдо, хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот тизимлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек маданий соҳада алоқалар ўрнатиш ҳақидаги ҳукуматлараро шартномалар бор. Бундан ташқари чегара минтақаларидаги савдо, темирйўл ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳам тегишли ҳужжатлар имзоланди.

Эрон ва Озарбайжон раҳбарлари икки лойиҳани молиялаштириш ва амалга оширишга келишдилар. Биринчи лойиҳа Озарбайжонда кичик электр узатиш станциялари қуриш ҳамда мамлакат электр тармоғини Эронники билан боғлайдиган электр линиялари ўрнатишни кўзда тутган. Бунинг учун Эрон томони Озарбайжонга 75 миллион доллар маблағ беради.

Иккинчи лойиҳа эса, Боку-Астара шаҳарлари ўртасидаги катта автомобил йўлни таъмирлашни кўзда тутади. Бу лойиҳа ни амалга ошириш учун Эрон томони Озарбайжон ҳукуматига 40 миллион доллар маблағ беради.

A.A.: Раҳмат Ҳасанжон.
XS
SM
MD
LG