Линклар

Афғонистонда ўзбек тарвузининг бозори чаққон


Зикрилло Ишонч Хабарларга қараганда, Ўзбекистондан Афғонистонга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари олиб ўтиш ҳажми анча ортган. Термиздан Ҳайратон орқали олиб ўтилган маҳсулотларнинг асосий қисми Мозори Шариф шаҳри бозорларида сотилмоқда.

Мозори шарифда тижорат билан шуғулланувчи Ҳожи Абибнинг сўзларига кўра, шу кеча-кундузда Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бозори жуда чаққон. Картошка, пиёз, нўхот, ловия, полиз маҳсулотлари Афғонистон шимолига кўплаб келтирилмоқда. Бу йил Афғонистонда буғдой ҳосили яхши бўлмаган. Шунинг учун Ўзбекистондан ғалла олиб келиш йўлга қўйилгандан сўнг халқнинг аҳволи бирмунча яхшиланган. Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, асосан, Шибирғон ва Мозори шарифда сотилади. Баъзи маҳсулотлар, масалан, пиёз Кобулга ҳам етказиб берилади.

Ҳожи Абибнинг айтишича, Эрон, Покистондан ҳам қишлоқ хўжалик маҳсулотлари Афғонистонга кўплаб кириб келмоқда. Шунингдек, Хитойдан кийим-кечак, Туркманистондан эса бензин олиб кириляпти.

Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарасида ишловчи давлат хизматчиси Иноят Субҳонийнинг таъкидлашича, Ҳайратон кўприги орқали поездларда Афғонистонга ун, буғдой, ёғ, чанқовбости ичимликлар, минерал сув ва бошқа маҳсулотлар олиб ўтилмоқда.

Афғонистонлик тужжорлардан бирининг эътирофича, Ўзбекистон Афғонистон бозорини эгаллашда фақат қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан чегараланяпти. Мазкур мамлакат бозорини эгаллашда Эрон, Покистон ва Хитой тадбиркорлари етакчилик қилаётир.

Кузатувчиларнинг билдиришича, Ўзбекистондан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари олиб ўтиш билан, асосан, афғонистонлик тужжорлар шуғулланмоқда. Ўзбек тадбиркорлари эса бу ишга жиддий киришгани йўқ.
XS
SM
MD
LG