Линклар

logo-print

Москва милицияси Тожикистон фуқаросини оғзидан отди


Азизулло Арол Куни-кеча Москва шаҳар метросида Рустам Бойбеков исмли Тожикистон фуқароси милиция томонидан тўхтатилиб¸ бошқармага олиб кетилди. У ерда Бойбеков оғзидан отилди. Ҳозир у касалхонада даволанмоқда. Москва шаҳар метроси вакилининг айтишича¸ йўловчини отган сержант қамоққа олинган ва сўроқ қилинмоқда.

Фарангис¸ 31 июл куни кечки пайт Москва шаҳар метросининг Соколник бекатида икки милиция ходими этник ўзбек бўлган Тожикистон фуқароси Рустам Бойбековни метрода юриш чиптаси бўлмагани учун милиция бошқармасига олиб кетади. У ерда милиционерлардан бири Бойбековни оғзидан отади. Ўқ унинг бўйнини тешиб¸ елкасига бориб қадалади. Сўнгра яарадор бир амаллаб касалхонага етиб олди. Ҳозирги кунда Москва шаҳрининг биринчи сонли касалхонада даволанаëтган Рустам Бойбеков ҳодисани Озодлик радиоси мухбирига шундай тушинтиради:

"Дўстим билан бирга битта чипта олиб метрога тшдик. Икки милиция бизни ушлади. Сўнгра милиция сержанти келди ва бизни бошқармасига олиб кетди. Чўнтакларимиздаги бор нарсани¸ жумладан пулларимизни ҳам стол устига чиқариб қўйдик. Сержант менга қараб¸ "сени отишимни истайсанми?"¸ деди. "Нима сабабдан?"¸ деб сўрадим. "Ишонмайсанми?"¸ деди у. Орамизда бошқа ҳеч қандай жанжал бўлгани йўқ. У биздан пул ҳам талаб қилмади. У ерда бошқа икки милиция ва икки фуқаро ҳам бор эди. сержант тўппанчасини чиқариб¸ тахминан бир ярим метр узоқликдан менга қарата ўқ узди. Ҳушдан кетдим. Бир оздан сўнг ҳушимга келсам қонга бўялганман. Сержант бизни кўчага ҳайдаб юборди. Кўчада кимдир доктор чақиришга ëрдам берди"¸ - дейди касалхонада даволанаëтган Рустам Бойбеков.

Хўш¸ Бойбеков Москвага қандай юмиш билан борган экан?

Сизга маълумки¸ кейинги пайтларда иқтисодий танглик туфайли Марказий Осиë республикаларидан чет ўлкаларга¸ жумладан¸ Россияга иш излаб борувчилар сони кун сайин ортиб бормоқда. Рустам Бойбеков ҳам ана шундай иш излаб борганлардан бири. У Москванинг қурилиш материаллари сотиладиган бозорларидан бирида аравакашлик қилар экан.

Ҳодисага Россия ва Тожикистон расмийлари қандай муносабат билдиришди?

Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳодисани кузатиб бораëтгани ва масала Россия суди томонидан одилона ҳал этилишига умид билдираëтганини маълум қилди. Бироқ элчихона вакиллари жабрланувчини бориб кўрмаган.

Москва шаҳар милицияси бошлиғи эса¸ масала Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда текширилиб тегишли чоралар кўрилишини билдирган. Унинг айтишича¸ Тожикистон фуқаросининг милиция томонидан отилиши асоссиздир.

Милициянинг бундай амалига жамоатчилик қандай қарамоқда?

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Владимир Химановичга кўра¸ бу милиция ходимларининг метро бекатларида қилган биринчи тартибсизликлари эмас. У бундан олдин ҳам икки марта мана шундай қонун бузарликлар гувоҳи бўлганини айтади. Айрим кузатувчилар эса¸ милициянинг бундай амалини Россиянинг миллий сиëсати натижаси сифатида баҳоламоқдалар.
XS
SM
MD
LG