Линклар

Ашхабоднинг ўз дарёси бўлади

  • Барно Анвар

Хабарларга қараганда, Туркманистон пойтахти Ашхабод шаҳрида сунъий дарё қурилмоқда. Унинг эни 12-15 метрни, чуқурлиги 3,5 метрни, сув ҳажми эса ярим миллион куб метрни ташкил этади. Янги дарё Қорақум каналидан сув олади.

Ашхабодда бундай сунъий дарё қурилишидан мақсад узунлиги 11 километрни ташкил этадиган гидропарк тизимини бунёд этишдир. Дарё кўнгилочар боғлар, кўкаламзор майдонлар, сайилгоҳлар ичидан оқиб ўтади. Дарё устида қуриладиган кўп сонли кўприклар шаҳарда транспорт қатновини қулайлаштириш ва шаҳар қиёфасига замонавий тус бериши лозим.

Ашхабодда сунъий дарё қурила бошлагани ҳақидаги хабар айрим мутахассисларни таажжубга солди. Чунки улар чўл ўртасидаги шаҳарда сунъий дарё қурилиши эшагидан тушови қимматга тушишига сабаб бўлмасмикин, деган хавотирда.

Ўзбекистонлик эколог Содиқ Мўминовнинг фикрича, чўл ҳудудига сув ўтказишдан олдин унинг салбий ва ижобий жиҳатларини чуқур ўйлаб кўриш зарур. Зеро, жуда катта миқдордаги сув ерга сингиб кетиши мумкин. Натижада сувнинг бекордан бекорга сарф исроф бўлишига йўл қўйилади.

Ўзбекистон Сув муаммолари институти директори Эрназар Маҳмудовнинг таъкидлашича, Ашхабодда қурилаётган дарё минтақадаги сув таъминотига катта таъсир ўтказмайди. Чунки сунъий дарёга олинадиган сув миқдори жуда кичик.

Сув муаммолари билан шуғулланувчи Марказий Осиё илмий тадқиқотлар институти директори Владимир Духовний ҳам юқоридаги фикрга қўшилди. Унинг билдиришича, Туркманистон нечта янги канал ва кўл қуришидан қатъи назар Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сув тақсимоти бўйича эришилган келишувда белгиланган лимитдан ортиқ сув ола олмайди. Бундан ташқари, Туркманистон Қорақум канали орқали Амударёдан 12 миллиард куб метр сув олиш имкониятга эга. Шунинг учун янги дарё учун олинадиган сув миқдори ваҳима кўтаришга арзимайди.

Ашхабоддаги сунъий дарё қурилиши 2006 йилда тугалланиши мўлжалланган. Украина ва туркиялик мутахассислар иштирокида амалга оширилаётган ушбу лойиҳага 63 миллион доллар маблағ ажратилган.
XS
SM
MD
LG