Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:28

Ногирон бўлиш учун ҳам пора бериш керак


Саида Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 811 мингдан ортиғини ногиронлар ташкил этади. Бу тоифага кирувчиларнинг қарийб 229 минги болаликдан ногирон бўлиб, 16 ёшгача бўлган ногиронлар сони 127 минг нафардир.

Мамлакатда ногиронлик даражасига қараб нафақа белгиланган. Бироқ, кузатувчиларнинг эътирофича, ногиронлик мақомини олишнинг ўзи ҳам анча қийин кечади. Яъни ногирон киши ўзининг ногиронлигини исботлаш, ўзига тегишли нафақага эришиш учун анча елиб-югуришига тўғри келади.

Фуқаро Муаззамхон Ҳамидованинг билдиришича, у ногирон фарзандига ногиронлик мақоми белгиланиши учун кўплаб қийинчиликларга дуч келган. Узоқ югур-югурлардан сўнг боласи ногиронлик мақомини олган, аммо бу мақомнинг амал қилиш муддати бир-икки йил билан белгилаб қўйилган. Гарчи фарзанди тўла соғайиб кетишига ишонч бўлмаса-да, унга 16 ёшгача ногиронлик мақоми берилмаган.

Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассиси Зулхумор Раҳмонованинг таъкидлашича, ногиронлик мақоми берилишидан олдин ҳар бир ҳолат индивидуал ўрганилади. Ногиронлик касалликнинг оғир-енгиллигига қараб белгиланади. Масалан, тиббий операциядан чиққан ёки куйган беморларга 6 ойгача ногиронлик мақоми берилиши мумкин. Касаллик оғирроқ бўлса, бу муддат бир йилгача чўзилади. Тўла соғайиб кетиши гумон остида бўлган кишилар эса жойлардаги соғлиқни сақлаш бўлимлари ҳузуридаги махсус комиссиялар томонидан чуқур текширилиб, уларга 16 ёшгача ёки доимий ногиронлик мақоми берилади.

М.Ҳамидованинг сўзларига қараганда, жойларда пора эвазига ногиронлик мақомига эришган ва нафақа олиб юрганлар йўқ эмас. Шунинг баробарида тузалмас дардда чалинган бўлса-да, ногиронлик мақомини ола олмаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Бунга, аввало, ота-оналарнинг ўзлари айбдор. Зеро, улар фарзандлари ҳақ-ҳуқуқи учун тегишли ташкилотларга елиб-югуришдан ўзини олиб қочади. Чунки уларнинг кўпчилиги мазкур муассасалар остонасида сарсон-саргардон бўлиб, юраги безиб қолган.
XS
SM
MD
LG