Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:37

ИРОҚ СУДИ АҲМАД ВА САЛИМ ЧАЛОБИЙЛАРНИ ҚЎЛГА ОЛИШГА БУЙРУҚ БЕРДИ


Якшанба куни Ироқ суди мамлакат Бошқарув Кенгашининг собиқ аъзоси Аҳмад Чалобий ва унинг жияни Салим Чалобийларни қўлга олишга буйруқ берди. Саддам Ҳусайн даврида хорижда фаолият олиб борган Ироқ мухолифатининг фаол намояндаларидан бири бўлган Аҳмад Чалобийга сохта пул ишлаб чиқарганлик, унинг жияни Салим Чалобийга эса одам ўлдирганлик айби қўйилмоқда. Аммо, ҳозирда Ироқ ташқарисида бўлган ҳар икки бу шахс қўйилаётган айбловларни рад этдилар ва ўзларини судда ҳимоя этишга тайёр эканликларини билдиришди.

Қандай сохта пуллар ҳақида гап бормоқда? Ким ва нима учун ўлдирилган?

Бир ярим ой муқаддам АҚШ ҳарбийлари Аҳмад Чалобийнинг Бағдоддаги уйини тинтув қилишганида, у ердан катта миқдорда сохта динорлар, яъни Саддам Хусайн ағдарилганидан сўнг Ироқда жорий этилган пуллар, аммо сохта пуллар топилганини эълон қилишган эди. Ҳозир эса Ироқ махкамаси ўша сохта динорлар Аҳмад Чалобийга тегишли бўлганини ва у Ироқда шундай сохта пулларни ишлаб чиқариш билан шуғулланган, деб даъво қилмоқда. Ва айни пайтда, Ироқ Миллий банки муомалада сохта динорлар бўлганлигини рад этди.
Аҳмад Чалобийнинг жиянига келсак, Салим Чалобий Ироқ Молия вазирлиги расмийсини ўлдирганликда айбланмоқда. Суднинг даъво қилишича, Хатим Фодҳил исмли Ироқ Молия вазирлигининг ўша ўлдирилган расмийси Чалобийлар оиласининг Ироқдаги мол-мулкини тафтиш қилиш билан шуғулланган. Аммо, ҳозирда Лондонда бўлган Салим Чалобий Хатим Фодҳилнинг ўлдириб кетилишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирди.
"Мен бу одам билан учрашганимни эслолмайман. Иддао қилинаётганидек, унинг идорасида ҳам бўлмаганман. Унга пўпса ҳам қилмаганман, чунки бу одамни танимайман. Шунингдек, айбномада бу одам менга оид мол-мулкни текширгани айтилмоқда. Менинг Ироқда ҳукуматга қарашли ҳеч қанақа мол-мулким йўқ", -деди.
Салим Чалобий шунингдек, Ироққа қайтиш унинг учун ҳозирда хатарли эканини, агар у Ироқда ҳибсга олинадиган бўлса қамоқда сақланаётган Саддам Ҳусайн тарафдорлари уни ўлдириши мумкинлигидан қўрқаётганини айтди. Салим Чалобий Ироқ собиқ раҳбари Саддам Ҳусайн устидан бошланган маҳкамага раислик қилган.
Айни пайтда ҳозирда Эронда юрган унинг тоғаси Аҳмад Чалобий ҳам Ироқ судининг унга қўйган айбловларини рад этди ва бу айбловлар ортида сиёсий сабаблар турганини таъкидлади.

Аҳмад Чалобий Эроннинг консерватив доиралари билан яқин алоқада бўлгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган эди. Бу маълумотлар ва уни ҳибсга олиш қарори ўртасида қандайдир боғлиқлик борми?

Аҳмад Чалобийнинг Ироқдаги уйи тинтув қилингандан сўнг эса АҚШ Давлат Департаменти Чалобий етакчилигидаги Ироқ Миллий Конгрессига ҳар ойда ажратиб келган 300 минг долларлик ёрдам пулини тўхтатди. Ироқ Миллий Конгресси раиси бўлган Аҳмад Чалобий АҚШ Мудофаа вазирлиги тавсиясига биноан Вашингтоннинг Ироқдаги энг ишонган манбаасига эди. Ҳатто, АҚШ Давлат Департаментининг бу шахс борасидаги жиддий шубҳаларига қарамай, Пентагон Чалобий Ироқ муваққат ҳукумати раиси бўлиши кераклигини яқин-яқинларгача таъкидлаб келган.
Аҳмад Чалобий атрофида пайдо бўлган шубҳалар фақат сўнгги ходисалар билан боғлиқ эмас. Ёдингизда бўлса, аввалроқ матбуотда Аҳмад Чалобий АҚШ ҳукуматини Саддам Ҳусайн оммавий-қирғин қуролларига эгалиги борасидаги тасдиқланмаган маълумотлар орқали уруш бошлашга ундагани айтилган мақолалар ҳам чиққан эди.

Чалобийларга қўйилаётган айбловлар ортида сиёсий сабаблар ҳам бўлиши мумкинми?

Кузатувчилар бу тахминни ҳам назардан соқит қилишмаяпти. Чунки Ироқ муваққат ҳукуматининг ҳозирги рахбари Айяд Алавий Аҳмад Чалобийнинг узоқ йиллик рақиби экани маълум. Ва шу боис айрим кузатувчилар Аллавий Аҳмад ва Салим Чалобийларни сиёсий сахнадан йўқотиб, Ироқда бўлажак сайловлар олдидан ўзига замин ҳозирламоқдалар, деб фикр билдирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG