Линклар

Банк ходими соҳта видеолавҳа орқали дунё жамоатчилигини лақиллатди

  • Ҳасанжон

АҚШнинг Федерал Тергов Бюроси 22 ёшли Бенжамин Вандерфорд иши юзасидан текширув олиб бормоқда. Бу йигит гўё ироқлик жанггарилар уни ўлдиришаётганини тасвирловчи видеолавҳа тайёрлаган. Ал-Арабия телеканали намойиш этган ўша видеолавҳа кўп ўтмай соҳта эканлиги маълум бўлди. Ройтерс ва Ассошиэйтед Пресс каби ғарб ахборот агентликлари ҳам америкалик фуқаронинг боши кесилгани ҳақида маълумотлар тарқатди.

Халқаро ахборот агентликлари ироқлик жанггарилар Америка фуқароси Бенжамин Вандерфорднинг бошини кесиб ташлагани ҳақида шанба куни хабарлар тарқата бошлади. Орадан бир оз ўтиб Сан Францискодаги банкларнинг бирида ишлайдиган Вандерфорд уни ўлдиришаётгани акс этган видеолавҳани ўзи тайёрлаб, Интернет орқали тарқатганига иқрор бўлди.

Вандерфорд бу ишни шу каби видеосюжетлар ёрдамида матбуотни лақиллатиш қанчалик осон эканини намойиш этиш учун қилганини айтади:

”Менимча, агар одамлар ўша лавҳани кўрсалар, ундан иккита нарсани тушуниб оладилар: Биринчидан, бундай видеолавҳаларни соҳталаштириш жуда осонлигини тушунадилар. Иккинчидан, бундай лавҳани кўрган матбуот унинг ҳақиқий эканлигига қанчалар осон ишонишини кўрадилар. Ироқ ёки Саудия Арабистонидаги аламзада кишилардан иборат кичик бир гуруҳ ана шундай видеолавҳани Интернетга қўйиш орқали жаҳон жамоатчилиги диққатини ўзига қаратиши мумкин. Агар ахборот агентликлари бундай лавҳани ҳақиқий, деб оммага эълон қилса, бутун жамият алданган бўлади” - дейди Бенжамин Вандерфорд.

У ўз видеолавҳасида “Ал-Қайда” гуруҳига иттифоқчи бўлган Абу Мусаб ал-Зарқавий интернет орқали тарқатган видеотасма услубидан фойдаланган. Соҳта видеолавҳа “Зарқавий америкаликни қатл этмоқда” деб номланган. Унда қўллари орқасига боғланган даҳшатга тушган Вандерфорд АҚШ ҳукуматини Ироқдан ўз қўшинларини олиб чиқишга даъват этади. Шунингдек, лавҳада катта пичоқни Вандерфорднинг бўйнига тираб турган қўл ҳам кўрсатилган. Вандерфорд лавҳани тасмага туширишда қандай усуллар қўллаганини шундай тасвирлайди:

” Биз бўёқдан соҳта қон тайёрлашимиз ва улар менинг томоғимни кесаётганини тасвирловчи лавҳани суратга олишимиз керак эди. Аммо лавҳада бу жараён кўринмайди. Биз гаражга бордик ва девор олдига стул қўйиб, ироқликлар намойиш қилган видеолавҳадаги каби, манзара тайёрладик. Кейин камерани олиб, саҳна рисоладагидек бўлиши учун уни икки марта суратга олдик. ” - дейди америкалик банк ходими.

Вандерфорднинг айтишича, соҳта бош кесилиши видеога олинганидан кейин саҳна компютерда “Adobe Premier” дастури ёрдамида монтаж қилинган.

Вандерфордга кўра, монтаж жараёнида у “Хамас” гуруҳга тегишли Интернет саҳифасидан сурат кўчириб ўз видоелавҳасига ўрнатган. Отишма товушини видео ўйинларидан, бошқа кадрларни эса ироқлик жанггарилар одамларни гаровга олганини тасвирловчи видеолавҳадан олиб, ўзиникига ўрнатган.

Йигитнинг онаси Тереза Вандерфордга кўра, ўғли тайёрлаган соҳта видеолавҳа ҳақида мухбирлар сўрашмагунча у ўғли қилган ишдан бехабар бўлган.

Сан Франциско шаҳар полицияси ва Федерал Тергов Бюроси расмийлари Вандерфорд қилган иш жиноят ёки жиноят эмаслигини аниқлаш устида текширув олиб борилаётганини маълум қилдилар.

22 ёшли банк хизматчиси тайёрлаган соҳта видеолавҳаси шанба куни намойиш этилган пайтда ўз иш жойида бўлган. У бўлиб ўтган воқеа ишига таъсир этмаслигига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG