Линклар

Япониядаги атом станцияда техник носозлик туфайли авария содир бўлди

  • Ҳасанжон

6 - 9 август кунлари японияликлар АҚШ Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбаси ташлаганининг 59 йиллигини хотирладилар. Айни пайтда, душанба куни Япония пойтахти Токиодан 320 километр ғарбда қурилган атом станциясида авария юз берди. Натижада тўрт одам нобуд бўлди, етти киши тан жароҳати олди. Ҳамкасбим Ҳасанжон билан бугунги суҳбат шу мавзуда.

К.В.: Ҳасанжон, аварияга нима сабаб бўлган?
Ҳ.: Ғарб ахборот агентликлари хабарларига кўра, Михама атом станциясидаги фалокат станциясининг 3-реакторида юз берган.

Япониянинг “Кйодо Ньюс” агентлигининг билдиришича, шартнома асосида ишлаётган мутахассислар реакторда текширув олиб бораётган пайтда Целсий ўлчови бўйича 200 даража иссиқликдаги буғ оқаётган йўғон қувур ёрилиб кетган. Натижада 4 киши нобуд бўлган ва етти мутахассис турли даражада куйган.

Михама атом станцияси бошқарувчиси, Йохсаку Фужи душанба куни Осака шаҳрида журналистлар билан учрашув пайтида нобуд бўлганлар оила аъзоларига таъзия изҳор қилди ва фалокат юз бергани учун узр сўради. Шунингдек, у жароҳат олганлар тезда соғайиб кетишига умид билдирди:

”Мен жароҳат олганлар тузалиб кетишини сўраб ибодат қиляпман. Шундай воқеа юз бергани учун мен ўтиниб кечирим сўрайман”, - деди Фужи.

Маълумотларга кўра, атом станциясида юз берган аварияда атроф-муҳитга радиация тарқалмаган.

К.В.: Ҳасанжон, энди қувур нима сабабдан ёрилиб кетган?

Ҳ.: Бу ҳақда ҳозирча якуний ҳулосага келингани йўқ.
Япония ҳукумати қошидаги Атом ва Саноат Хавфсизлиги агентлиги авария юзасидан текширув олиб боряпти. Япония Бош вазири Юнихиро Коидзуми воқеа сабаблари ўрганилаётганини ва хавфсизликни таъминлаш учун бор имконият ишга солинганини билдирди.

Япониядаги “Канзай” замонавий технологиялар компанияси маълумотига кўра, реактор турбинасида совутиш учун сув бўлмагани сабабли қувур ёрилиб кетган. Бундан ташқари, 10 миллиметр қалинликдаги қувур анчагина емирилган, чункм 27 йил олдин ўрнатилганидан бери қувур алмаштирилмаган.

К.В.: Японияда олдин ҳам шу каби воқеа юз берганми?

Ҳ.: Ҳа юз берган. 1999 йилнинг сентябр ойида Токиодан 145 километр шимоли-шарқда жойлашган Токаимурадаги ядро ёқилғисини қайта ишловчи заводда ҳам авария содир бўлган. Текширув ўтказган мутахассислар яхши тайёргарликдан ўтмаган завод ходимлари махсус металл челаклардаги икки хил уранни бир-бири билан аралаштириб юборгани оқибатида фожиа юз берган, деган ҳулосага келган. Ўша авария оқибатида заводнинг икки ходими нобуд бўлган, заводга яқин ҳудудларда яшовчи 600дан ортиқ киши турли даражада нурланиш олган, кўплаб одамлар хавфсиз жойларга кўчирилган. Атом қуролидан азият чеккан японияликлар, агар тинчлик мақсадида қўлланиладиган атом қуввати ҳам назоратдан чиқиб кетса, одамлар бошига катта кулфатлар солиши мумкинлигидан қаттиқ хавотирда.

К.В.: Шундай экан, нима сабабдан Япония ҳукумати мамлакатда атом станциялари қурилишига рухсат берган?

Ҳ.: Ҳурмат, биласиз, Япония оролда жойлашган мамлакат. Унинг табиий ресурслари жуда чекланган. Япония нефтни беқарор вазият ҳукм суриб келаётган Яқин Шарқ давлатларидан импорт қилади. Шу боис мамлакат саноатининг энергияга бўлган эҳтиёжини узлуксиз қондириш мақсадида, ороллар сейсмик актив, яъни, зилзила тез-тез юз беришига қарамай, у ердда бир нечта атом станциялари қурилган. Япониядаги электр қувватининг салкам 35 фоизи ҳозирда ана шу станцияларда ишлаб чиқарилади. Япония ҳукумати 2010 йилга қадар бу кўрсаткични 40 фоизга етказишни режалаштирган.

Раҳмат Ҳасанжон.
XS
SM
MD
LG