Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:24

Журналистика - хатарли соҳа


Феруза Халқаро ташкилотлар эълон қилаётган баъзи ҳисоботларда бир қанча давлатлардаги вазият журналистликни энг хатарли касблардан бирига айлантиргани таъкидланади. Маълум бўлишича, Марказий Осиё давлатларида ҳам бу касб эгалари турли хавф ва таҳдидлар билан юзма-юз келмоқда. Масалан, яқинда қозоғистонлик журналист шубҳали тарзда ҳаётдан кўз юмди. Тожикистонда чоп этиладиган “Рўзи нав” газетаси бош муҳаррири эса ўтган ҳафтада номаълум кишилар томонидан калтакланди.

Халқаро ташкилотлардан бири журналистлар ҳаёти ва уларнинг ўлими ҳолатларини ўрганиш мақсадида уч йил давомида ўтказган тадқиқотлари шуни кўрсатдики, 2000-2003 йилларда дунёда оммавий ахборот воситалари ходимларидан 200 киши ўлдирилган. Журналистларнинг аксарияти сиёсий беқарорлик ҳукм сураётган мамлакатларда урушлар ва турли тўқнашувлар чоғида ҳаётдан кўз юмган. Аммо тинчлик ҳукм сураётган минтақаларда ҳам ўлдирилган журналистлар талайгина.

“Айрекс” халқаро ташкилоти ҳисоботида айтилишича, Марказий Осиё мустақил ОАВ вакилларига ўта адоватли муносабатда бўлинадиган минтақа ҳисобланади. Минтақа давлатларида журналистларни ўлдириш, калтаклаш, қамоққа тиқиш, ўз касбидан кечишга мажбурлаш ҳолатлари учрайди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Искандар Худойбергановнинг таъкидлашича, журналист касбининг хатарли экани мавзуси айни вақтида кўтарилмоқда. Журналистлар расмий тўртинчи ҳокимиятдир. Улар ҳукумат доираларидан фарқли ўлароқ, ўзининг эмас, балки халқ манфаатини ҳимоя қилади. Бундан эса, табиийки, ҳукмрон доиралар норози бўлади. Бу доиралар тили бурро журналистларнинг овозини ўчиришга, қай йўл билан бўлса-да, йўқотишга интилади. Шундай экан журналистларнинг турли фожеаларга учраши тасодиф эмас. Чунки улар демократиянинг илғорларидир.

Мустақил журналист Элмира Ҳасанованинг фикрича, журналистларга тазйиқ ўтказиш ва таҳдид қилиш ҳукуматнинг ожизлигини, авторитар тузумнинг таназзулга юз тутаётганини билдиради. Мазкур ҳақиқатни халққа етказувчилар эса журналистлар саналади. Марказий Осиёда таъқиб ва тазйиққа учраётган журналистлар тили ўткир ва ҳукуматга ёқмайдиган ижодкорлардир. Шунинг учун улар билан юз бераётган нохуш ҳодисаларни тасодифга йўйиш ўринсиз.

Маҳаллий журналист Олмоснинг сўзларига қараганда, ҳукумат журналистларни ўз душманидек қабул қилар экан, улар билан ҳамкорликда ишлаш хусусида ўйлаб кўрмас экан, бундай мамлакатда журналистлар ҳаёти учун таҳдид кучайиб бораверади.
XS
SM
MD
LG