Линклар

logo-print

Милиционерларнинг кучи аёлларга етди


Турғунбек Хабарларга кўра, Андижон вилоятининг Жалолқудуқ туманида ўз ерига ишлатиш учун номаълум кишилардан минерал ўғит – селитра сотиб олган фермерлар 3 август куни ўғитни мусодара қилмоқчи бўлган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан калтакланган.

Туманнинг Охунбобоев шаҳридаги Алишер Навоий кўчасида истиқомат қилувчи Мамадалиевлар оила аъзолари Қўрғонтепа туманидаги “Истиқлол” ширкат хўжалигида 16 гектар ерда фермерлик билан шуғулланади. Маълум бўлишича, улар маҳаллага селитра олиб келган номаълум кишилардан 8 тонна минерал ўғит харид қилиб ўз уйига жойлаштирган. Орадан бир қанча вақт ўтгач, уйга милиция ходимлари келиб, ўғитни мусодара қилишга уринган.

Мазкур хонадон кексаларидан бири 76 ёшли Қорияхон Мамадалиеванинг сўзларига қараганда, милиция ходимлари селитрани “Камаз” юк машинасига юкламоқчи бўлган. Лекин хонадон аъзолари бунга йўл қўймаслигини айтган. Шундан сўнг милиционерлар қўшимча куч чақирган. Ҳатто ўт ўчириш машинаси ҳам етиб келган ва хонадон аъзоларига сув сепган.

Аянинг айтишича, милиция ходимларидан бири унинг қўлидан силтаб тортган ва сўнгра итариб юборган. У йиқилиб тушиб, ўзидан кетган.

Хонадон аъзоларидан бири Холида Мамадалиеванинг билдиришича, милиционерлар аёлларни ва болаларни ҳам аямай калтаклаган. Аёллар сочларидан тортиб, судралган. Ушбу хонадондан бўйи етмаган икки қиз, уч аёл, 22 ёшли Шерзод Мамадалиев милиция бўлимига олиб кетилиб, бир ярим кун давомида ҳибсда сақланган. Ш.Мамадалиев ҳибсдалигида калтакланган.

Жалолқудуқ тумани ҳокими ўринбосарлари Анвар Бурхонов ва Маҳмуд Мамажонов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ушбу воқеадан хабардор эканини таъкидлади. Улар минерал ўғитларни мусодара қилиш бўйича Президент қарори борлигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG