Линклар

Ўзбеклар Афғонистонда йўл қуради


Зикрилло Ишонч Маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси Афғонистон шимолида 530 километрлик автомобиль йўлини қуриб беришга тайёрлигини билдирмоқда. Ўзбекистон делегацияси айни вақтда Кобулда шу хусусда музокара олиб бораётир.

Норасмий манбаларнинг маълум қилишича, ушбу лойиҳа қиймати тахминан 100 миллион АҚШ долларига тенг.

“Ўзавтойўл” мутасаддиларининг таъкидлашича, Афғонистон ҳукумати ва ушбу лойиҳани молиялаштиришни зиммасига олган Осиё тараққиёт банки маъмурлари мазкур йўл қурилишини тендер танловларисиз Ўзбекистон компаниясига беришга розилигини маълум қилган. Компания мазкур қурилиш юзасидан ўз лойиҳасини Афғонистон Халқ манфаатлари вазирлиги ва Осиё тараққиёт банки экспертларига тақдим этган.

“Ўзавтойўл”нинг халқаро бўлими бошлиғи Умид Маҳматов сўзларига кўра, йўл қурилишини 2,5 йилда тугаллаш мумкин. Қурилиш учун сарфланадиган маблағ йўлнинг қандай стандартлар асосида қурилишига боғлиқ. Ўзбекистонлик йўлсозлар бу йўлни тезроқ ва қисқа муддатда қуриб бера олади.

Афғонистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдул Самаднинг билдиришича, қурилиши Андҳой шаҳридан бошланадиган ушбу магистрал йўл Фарёб, Бодғиз ва Ҳирот вилоятларини Форс кўрфази билан боғлашга хизмат қилади. Шунингдек, бу йўл Россия ва Марказий Осиё давлатларининг Осиёнинг бошқа мамлакатларга чиқишини таъминлай олади. Янги магистрал йўлнинг Афғонистон учун иқтисодий аҳамияти беқиёсдир.
XS
SM
MD
LG