Линклар

Улар ҳалокатни қалбан ҳис этган эди


Феруза 11 август куни “Пахтакор” футбол жамоаси аъзоларининг 1979 йилда авиаҳалокатга учраб, фожеали тарзда қурбон бўлганига 25 йил тўлди. Футбол мутахассислари ва қурбон бўлган йигитларнинг яқинлари “Озодлик” мухбири билан суҳбат чоғида жамоа аъзоларидан айримлари фалокатни олдиндан сезганини таъкидлади.

Таниқли футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг хотирлашича, Михаил Ан ўйин ўтказиш учун қайси шаҳарга бормасин, фақат спорт кийимида йўлга отланган. У доимо самолётда учишдан қўрққан. Ўша пайтда у жароҳат олгани сабабли Минскнинг “Динамо” жамоаси билан майдонга тушмаслиги керак эди. Шундай бўлса-да, футболчи уйидан одатдагидан ташқари костюм-шим кийиб чиққан. Хотини Клара нега бундай кийинганини сўраганда ўзининг майдонга тушмаслиги, шунга қарамай, йигитлар билан байрам қилиб келишини айтган. Мансур Толибжонов эса кетишидан олдин ёмон туш кўрган. Тушини онасига сўзлаб берганида волидаси хавотир олмасликни, ҳаммаси яхши бўлишини айтган.

А.Имомхўжаевнинг сўзларига қараганда, Олим Аширов билан ҳам шундай воқеа бўлган. О.Аширов учиб кетишдан олдин “Политотдел” колхозида яшовчи онасини кўргани борган. Хайрлашиб кетаётганида уларнинг уйига ўтин олиб келишган. О.Аширов онасининг қаршилигига қарамай, машинадан қайтиб тушиб, кийимларини ечиб, ўтинни тушириб берган. Кейин ювиниб машинага ўтирган. Ундан сўнг эса машинадан қайтиб тушиб, онасининг юзидан ўпиб учинчи бор хайрлашган ва йўлга равона бўлган.

Мансур Толибжоновнинг келинойиси Дилбар опанинг сўзларига қараганда, М.Толибжонов бир кун аввал учиб кетиши керак эди. Лекин баъзи ишлари битмагани сабабли жамоанинг бошқа аъзолар билан кетишга мажбур бўлган. Учиб кетишдан олдин уйига келганида мазаси бўлмаётганини айтган. Ойиси ундан Минскка бормасликни сўраган этган, леқин М.Толибжонов кўнмаган. Кетишидан олдин хотини билан ғайриоддий тарзда жуда қуюқ хайрлашган.

Равил Агишев авиаҳалокатга учраганида бор-йўғи 20 ёшда эди. Унинг Тошкентдан учиб кетишидан олдинги ҳолатини синглиси Рашида Агишева қуйидагича хотирлайди:

“Равил Тошкентдан уй олгани учун биз эндигина кўчиб келган эдик. Аввалги ўйинлар вақтида у умуртқасидан жароҳат олганди. Минскка бормаса ҳам бўларди. Онам билан биргаликда ундан навбатдаги ўйинга бормасликни илтимос қилгандик. Лекин у ўртоқларидан ажрамаслигини айтиб гапимизга унамади. Уларнинг жамоаси шу қадар аҳил эди”.

Ўша вақтда Тўлаган Исоқов ҳам “Пахтакор” жамоаси ўйинчиси эди. У жароҳати туфайли Минскка бора олмаганди. Т.Исоқовнинг таъкидлашича, сўнгги ўйинда пахтакорчилар Ворошиловграднинг “Заря” жамоасини 3:1 ҳисобида енгган. Операциядан сўнг қўлтиқтаёқда юрган Т.Исоқов йигитларни ғалаба билан табриклаган. Шундан сўнг у 9 август куни тиббий операциясини текширтиргани Москвага учиб кетган. 11 август куни эса машъум хабарни эшитган.
XS
SM
MD
LG