Линклар

25 йил аввал "Пахтакор" ҳалокатга учради

  • Ҳурмат Бобожон

1979 йилнинг 11 августида Днепродзержинск шаҳри узра Ту-134 русумли икки учқич бир бири билан тўқнашди. Бунинг оқибатида ҳар икки учқич ичидаги барча йўловчилар ва экипаж аъзолари, шу жумладан, "Пахтакор" футбол жамоасининг 17 нафар ўйинчиси ҳалок бўлган эди. Шу пайтгача ушбу авиаҳалокат ҳақида турли фикрлар, миш-мишлар юрарди. Кимдир "Пахтакор" ўша пайтда кучли жамоа бўлгани учун бу авиаҳалокат атайлаб уюштирлди деган фикрда бўлган. Айрим тахминларга кўра эса, ўша пайтдаги СССР рахбари Леонид Брежнев учқичига йўл очишга ердан буйруқ бўлгандан кейин икки учқич тўқнаш келган. Хўш, аслидачи? Аслида, ҳалокат қандай ва нима сабабдан рўй берган? Авиаҳалокатда айбдор, деб топилган ва қамоқ жазосини ўтаб чиққан авиадиспетчерлардан бири Владимир Сумской яқинда бу борада Россияда Чиқадиган "Комсомольская Правда" газетасига маълумот берди.

1979 йил 11 август куни Харьковдаги парвозларни назорат қилиш марказида етти киши навбатчилик қилаётганди. Смена бошлиғи Николай Жуковский исмли ёш диспетчерни бошқарув пултига ўтказиб қўяди. Унинг ишини назорат қилишни эса катта диспетчер Владимир Сумскойга топширади.
Айни пайтда ичида 83 йўловчи, шу жумладан "Пахтакор" футбол жамоасининг 17 аъзоси бўлган Ту-134 русумли учқич Тошкент-Минск йўналишида, Челябинскдан Кишиневга йўл олган яна бир учқич эса унга 90 даража бурчакда қарама-қарши йўналишда, 8400 метр баландликда ҳаракатланарди. Ёш диспетчер Жуковский ҳар икки учқич йўналишини ҳисоблаб чиқиб, улар тўқнашмайди деган, нотўғри тўхтамга келади. Аммо, сал ўтиб тўқнашув хавфини сезган катта диспетчер Владимир Сумской белорус экипажига зудлик билан 9000 метр баландликка кўтарилишга буйруқ беради ва сал ўтиб буйруқни тасдиқловчи жавобни ҳам олади. Аммо, кейинчалик бу жавоб белорус экипажидан эмас, балки бошқа, учқичдан келгани маълум бўлади. Орадан 1 дақиқа 5 сония ўтиб, икки учқич 8400 метр баландликда тўқнашади.
Ҳалокат сабабларини ўрганган "Комсомольская Правда" газетаси мухбири Роман Поповнинг айтишича, бу маълумотларнинг бари учқичлардан топилган қора қутичада қайд этилган.
"Соат 13дан 34 минут, 24 секунд ўтганда Сумской белорус учқичига, Днепродзержинск узра 8400 метр баландликда тўқнашув хавфи бор, баландликни 9000 метрга ўзгартиринг, деб буйруқ беради. Орадан 9 сония ўтиб Сумской экипаждан тасдиқ жавоб олади. Аммо, бу тасдиқ белорус экипажидан эмас, балки Ил-62 русумли бошқа учинчи учқичдан бўлган. Осмон булутли бўлгани туфайли икки учқич бир бирини кўриши жуда қийин эди. Сал ўтиб тўқнашув рўй беради. Тахминан соат 13дан 37 дақиқа ўтганда Черкаск-Донецк йўналишида учаётган Ан-2 учқич командири ушбу ҳалокат ҳақида биринчи хабарни ерга етказади. Куриловка районида халокатга учраган самолёт қолдиқларининг ерга тушаётганини кўряпман, Ту-134 учқичига ўхшаяпти, деб хабар беради у".
Роман Попов ўша куни Харьков йўналишида учқичлар кўп бўлгани, бир вақтнинг ўзида 12та учқич айни линияда ҳаракатланганини айтади. Бу эса, Попов фикрича, диспетчерларни анча мураккаб вазиятга тушириб қўйган бўлиши мумкин.
"Литер худуд" боис йўналиш жуда тиқилинч бўлгани маълум. Шундай экан ўша куни бу йўналишни назорат қилаётган диспетчерлар сонини кўпайтириш ва учишларни назорат қилиш пултига тажрибалироқ мутахассисларни ўтказиб қўйиш керак эди. Аммо, литер йўналишида учаётган махсус рейс ҳалокатга тўғридан-тўғри сабабчи бўлган дейиш қийин. Бу фақат диспетчерлар ишини мураккаблаштирган холос", - дейди Попов.
Давлат ва ҳукумат расмийлари самолетлари учун ажратилган ҳаво макони учувчилик сохасида "литер худуд", деб аталади. Сухбатдошимиз Роман Поповнинг айтишича, халокат рўй берган куни Совет рахбарларидан бири Харьков йўналишидаги "литер худудда" учиб кетаётган бўлган ва диспетчерларга бошқа фуқаролик авиацияси учқичларни бу худудга йўлатмаслик топширилган.
"Сумской ўша куни махсус рейсда Брежнев учганини, халокат сабабларини ўрганган ҳарбий терговчи эса бу йўналишда Черненко Москвага қайтаётганини айтган. Гап шундаки, литер худудда ҳаракатланаётган учқичда ким борлиги ҳақда ердаги диспетчерларга айтилмайди. Аммо, ҳали ҳам диспетчер Сумской ўша куни махсус рейсда Брежнев учган деган қатъий фикрда".
Ҳалокат рўй берганидан тўққиз ой ўтиб диспетчерлар устидан суд бўлиб ўтди. Жуковский ва Сумскойлар 1979 йил 11 август куни рўй берган авиаҳалокатда айбдор деб топилиб, ҳар бири 15 йил қамоқ жазосига тортиладилдар. Аммо, журналист Роман Поповнинг айтишича, бу каби ҳалокатларда хатони фақат бир одам бўйнига қўйиш нотўғри.

"Гап шундаки, ҳалокат ҳеч қачон бир одам хатоси туфайли рўй бермайди. Ҳалокат турли хатолар занжири боис рўй беради одатда ва қарор чиқарганда юзага келган вазият ҳам инобатга олиниши керак", - дейди Роман Попов.

25 йил аввал "Пахтакор" футбол жамоаси ҳалокати сабаблари ҳақида россиялик журналист фикрлари эди. Ўзбекистоннинг "Пахтакор" футбол жамоаси ўша йиллари Совет Иттифоқининг энг ёрқин жамоаларидан бири бўлган. 1961 ва 1962 йилларда бу жамоа мамлакат олий лигаси бешлигига кира олган. 1979 йилги фожеадан сўнг эса янги таркибдаги Пахтакор узоқ йиллар давомида қаддини ростлай олмади. Тошкентдаги мухбиримиз Феруза футбол мухлислари қалбида чуқур из қолдирган собиқ пахтакорчиларнинг яқинлари билан боғланиб, уларнинг ўша фожиали кун хотиралари ҳақида сўради.
XS
SM
MD
LG