Линклар

Ёшлар ғарбона турмуш тарзига эмас, фаровон ҳаётга интилмоқда


Ҳакимбек 10 август куни ҳукумат нашри бўлмиш “Халқ сўзи” газетасида “Мустақиллик нега муқаддас?” сарлавҳаси остида эълон қилинган мақола ўзбек ёшлари ўртасида ҳам турли мулоҳазаларга сабаб бўлаётир. Зеро, мақола муаллифи Озод Аббосхўжаев айнан уларни халқаро ташкилотлар таъсирида ғарбона турмуш тарзини қабул қилаётганликда айблайди.

О.Аббосхўжаев ўз мақоласида ёшлар ҳақида қуйидагича ёзади:

“Демократия деб бизга ғарбча яшаш низомини тиқиштираётганлар халқимизни, айниқса, ёшларимизни ўзбекларга эмас, ўзларига ўхшатишга уринмоқдалар. Улар ғарбча тарбияланган, ғарбийлик касалига йўлиққан ўзбек портретини шундай тасаввур қиладилар:
“Бундай киши ўзбек миллатининг ўтмиши, ҳозирги ҳаёти, келажаги ҳақида оддий тушунчаларга ҳам эга эмас. У кўпинча “интеллигент”. У тўлқин устидаги хасдек беқарор одам, оёғини қўйиб таянадиган ери йўқ. Шу сабабли шамол қаёққа эсса, у ҳам шундай ўзгариб туради. Унда мустақил фикр деярли йўқ. Дунёда ўз шахсий манфаатидан ташқари барча нарсага бефарқ қарайди... Уни юрт ободлиги, халқ фаровонлиги мактаб, касалхона муаммолари эмас, энг аввало, уйидаги кир ювиш машинаси, автомобили, озонаторининг яхши ишлаши қизиқтиради. У ўз халқи, маҳалласи, ҳамқишлоқларининг урф-одатлари тўғрисида жўяли ҳикоя қилиб бера олмайди. Аммо у сизга Ғарб дунёсида кечаётган турмуш тарзини барча икир-чикирларигача, қойилмақом қилиб айтиб беради. Унинг учун ҳатто ўша ердаги оммавий йиғилишларда одамларнинг қип-яланғоч қатнашиши, бир жинсли оилаларнинг қонунийлаштирилиши ва бошқа уятсиз ҳолатлар инсон эркинлигининг тимсоли ҳисобланади”.

“Озодлик” мухбири мақолада айтиб ўтилган бу мулоҳазаларга ёшларнинг муносабатини ўрганди.

Ўзбекистонда яқинда ўз фаолиятини бошлаган Озод ёшлар ҳаракати вакили Аббос Чиндавлатовнинг фикрича, демократияни ғарбона ёки шарқона шаклларга ажратиш тўғри эмас. Баъзи шахслар Ўзбекистонда демократиянинг ривожланишига қаршидир. Шунинг учун улар бу қадриятни қоралаш учун унга ғарбоналик тамғасини ёпиштиришга уринмоқда.

“Мен Ғарб давлатларига қарашли халқаро ташкилотларнинг тренинг-семинарларида, йиғилишларида қатнашганман. Лекин бирор марта улар бизларга ўзларининг турмуш тарзини сингдиришга интилганини сезмаганман. Улар демократиянинг моҳиятини тушунтиришга ҳаракат қилади, инсоннинг ўз қадр-қимматини билишга ўргатади”, деди А.Чиндавлатов ўз сўзи давомида.

Исмини ошкор этишни истамаган ёшлардан бирининг таъкидлашича, беҳаёлик мақолада ёзилганидек ғарбликлар томонидан эмас, балки мамлакатда мавжуд тунги клублар орқали тарғиб қилинмоқда. Масалан, Тошкент шаҳрининг ўзида ўнга яқин стриптез ўйналадиган клублар бор. Ушбу клубларга кирадиганлар ҳам оддий халқнинг эмас, амалдорларнинг фарзандлари ва яқинларидир. Бундай клубларнинг бемалол ишлаётгани сабабларини ҳам юқори доиралардан излаш керак.

Суҳбатдошнинг фикрича, ёшларни ишсизлик, оилани боқиш, ота-она олдидаги бурчни бажариш каби муаммолар қийнаётган бир пайтда улардаги мақола муаллифи айтаётган ватанпарварлик, Президентга, амалдорларга содиқлик каби тушунчалар четга сурилиши мумкин. Ёшлар аслида ғарбона турмуш тарзига эмас, фаровон ҳаётга интилмоқда.

А.Чиндавлатовнинг билдиришича, бу каби мақолаларнинг ҳукумат нашрида чоп этилишидан кўзланган мақсад ёшларнинг демократия моҳиятини тушуниб бораётганига тўсқинлик қилишдир. Зеро, ёш авлод демократия моҳиятини, ўзининг ҳақ-ҳуқуқини, умуминсоний қадриятларни тушунмаса, улар давлат сиёсатига ҳам аралашмайди. Аста-секин манқуртлашиб боради.
XS
SM
MD
LG