Линклар

АҚШ Ўзбекистонга молиявий ёрдам кўрсатишда давом этмоқда


Шайбон 11 август куни АҚШ Қуролли кучлари бирлашган штаблар қўмитаси раиси генерал Ричард Майерс Тошкентга келди. 12 август куни у Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев, мудофаа вазир Қодир Ғуломов билан музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Владимир Норов ушбу музокаралар натижаси юзасидан махсус брифинг ўтказди.

В.Норовнинг сўзларига қараганда, бўлиб ўтган учрашувларда Ўзбекистон-АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Афғонистондаги вазият, минтақа хавфсизлиги ва терроризм, шунингдек, ҳарбий-техникавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган. Р.Майерснинг Қ.Ғуломов билан музокаралари чоғида АҚШ ҳукумати умумий хавфни бартараф этиш дастури доирасида қўшма лойиҳаларга ажратиладиган молиявий ёрдам миқдорини оширишга қарор қилгани ва Ўзбекистонга қўшимча равишда 21 миллион доллар ажратгани маълум қилинган.

В.Норовнинг билдиришича, яқин кунларда Ўзбекистон ва АҚШ мудофаа вазирликлари ўртасида “Биологик қуроллар билан боғлиқ объектларни димилитаризация қилиш ҳамда биологик қуроллар технологияси тарқалиши олдини олиш тўғрисида” 2001 йил октябрда эришилган келишувга киритилган ўзгаришларни имзолаш режалаштирилган.

Маълум бўлишича, бундан бир қанча вақт муқаддам ушбу келишувни ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида АҚШ Ўзбекистонга 31 миллион доллар ажратган. Энди эса бу маблағ миқдори яна 21 миллионга кўпайиб, 60 миллион долларни ташкил этади.

В.Норовнинг таъкидлашича, АҚШ томонидан ажратилган ушбу ёрдам Ўзбекистон ҳудудида инфекцион ва эпидемиологик касалликларнинг интеграциялашган мониторинги тизимини яратишга сарфланиши режалаштирилмоқда. АҚШ томони Ўзбекистонда яратилаётган бу тизим Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари учун намуна бўлишига умид билдирмоқда.

Вазир ўринбосарининг айтишича, АҚШ Ўзбекистонга инфекцион касалликларни ўрганиш ва бу ҳақдаги маълумотлар базасини яратиш билан шуғулланувчи марказий лаборатория ташкил этиш ва уни жиҳозлашга кўмаклашади. Шунингдек, вилоятларда эпидемиологик мониторинг марказларини ташкил этиш мақсадида шунга ўхшаш 14 та лабораторияни қуриш ва жиҳозлаш назарда тутилган.

В.Норов АҚШ Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига 14 та патруль қайиғи етказиб беришга қарор қилганини билдирди.

12 август куни генерал Р.Майерс Қозоғистонга учиб кетди.
XS
SM
MD
LG