Линклар

Допинг ва хавфсизлик масаласи Олимпия ўйинлари пайтида асосий мавзу бўлиб қолмоқда.

  • Ҳасанжон

Греция пойтахти Афина шаҳрида ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиши маросими бўлиб ўтди. Олимпия ўйинлари замини бўлган Грецияга Олимпиада машъали беш қитъа ҳудудларини босиб ўтиб яна Афина шаҳрига қайтиб келди. Олимпия ўйинларининг очилиши маросимида дунёнинг 202 мамлакатидан келган 10 мингдан ортиқ спорчи қатнашди. Улар орасида ўзбекистонлик 45 спортчи ҳам бор. Кузатувчилар фикрича, бу галги Олимпиада ўйинларида допинг ва хавфсизликни таъминлаш асосий масалала бўлади. Ҳамкасбим Ҳасанжон билан студиядаги бугунги суҳбатимиз шу мавзуда.

А.А.: Ҳасанжон, нима сабабдан допинг Олимпия ўйинларида ҳамманинг диққат марказида бўлади, дейиляпти?

Ҳ.: Азизулло ака, одамлар “допинг Олимпия ўйинлари каби қадимийдир”, дейишади. Чунки Олимпия ўйинлари пайдо бўлганидан бери турли замонларда спортчилар беллашувлардан олдин қувватни сунъий равишда оширадиган, воситалардан фойдаланганлар.

Ҳозирга келиб спортчилар Олимпия ўйинлари идеалларига зид равишда турли допинглардан фойдаланмоқда. Олимпиада идеаллари эса халол беллашувлардир. Халқаро Олимпия Қўмитаси ҳар доимгидек спортчиларни халол беллашувларга чақирмоқда. 13 август куни Афинада бўлиб ўтган матбуот брифингида Қўмита раиси Жак Рог допинг қабул қилган спортчилар Олимпиада шаҳарчасидан дарҳол чиқариб юборилишини таъкидлади:

”Олимпия ўйинлари улуғ. Биз авваллари ҳам допинг қабул қилган спортчилар номини жамоатчиликка ошкор қилиб келганмиз. Улар Олимпия ўйинларига доғ тушира олмаган. Допинг ишлатгани аниқланган ҳар қандай спортчига нисбатан жазо чоралари қўлланилади ва у Олимпия шаҳарчасидан чиқариб юборилади. Бу спорт ғалабасидир. Бу спорт беллашувларини кучайтиради. Биз допинг истеъмол қилган қанча кўп спортчи аниқласак, шунча яхши бўлади”, - деди Халқаро Олимпия Қўмитаси раиси Жак Рог.

А.А.: Ҳасанжон, спортчилар қандай допинглар ишлатиши Олимпиада ташкилотчиларига маълумми?

Ҳ.: Халқаро Олимпия Қўмитаси расмийлари спортчилар қабул қилиши мумкин бўлган допинг турларини жуда яхши билишади.

Олимпиада пайтида айрим спортчилар стероидлар, танадан суюқликни чиқарадиган диуретиклар, одам танасида гормонларни оширувчи моддалар, қон таркибидаги қизил қон таначаларини кўпайтирадиган моддалар ва яна бир қанча допинглардан фойдаланиши мумкин. Аммо шуни таъкидлаш лозимки, қувватни сунъий равишда оширадиган ҳар қандай допинг одамнинг турли тана аъзоларига ниҳоятда салбий таъсир этиши мумкин.

Халқаро Олимпия Қўмитаси беллашувлар халол бўлиши учун мусобақалардан олдин ва кейин спортчилар қонидан намуна олиб уни замонавий техника ёрдамида допинг тестидан ўтказади.

А.А.: Ҳасанжон, одатда йирик тадбирлар ўтказилганида хавфсизлик чоралари кучайтирилади. Бу йилги Олимпиада дунёнинг турли минтақалари нотинч бўлган ва террор хуружлари кучайган бир пайтда ўтказиляпти. Мана шулар ҳисобга олинса, Греция хавфсизликни таъминлаш учун Олимпия ўйинлари пайтида қандай чоралар кўряпти?

Ҳ.: Азизулло ака, Греция ҳукумати Олимпия ўйинлари пайтида осоишталикни таъминлаш учун бир миллиард евро маблағ сарфлади.

Греция расмийлари хавотир ва қўрқувлар ўринсиз эканини айтмоқдалар. Халқаро Олимпия Қўмитаси раиси Жак Рог Греция ҳукумати террор ҳужумларининг олдини олиш учун “инсон қилиши мумкин бўлган барча ишни амалга оширгани”ни таъкидлади.

Олимпиада пайтида 70 минг хавфсизлик хизмати ходими 10 минг спортчи хавфсизлигини таъминлаш ҳаракатларига жалб этилади.

Бундан ташқари НАТОнинг бешта “Авакс” русумидаги разведка самолёти Греция ҳаво маконини назорат қилади. Бу самолётларнинг ҳар бири 480 километр радиусда душман ҳужуми ҳақида олдиндан огоҳлантириш имкониятига эга.
XS
SM
MD
LG