Линклар

Қатағонлар жамият ривожини ортга суриши билан қўрқинчли


Феруза Машҳур адабиётшунос олим Ҳамид Сулаймоннинг отаси Сулаймонхўжа 1936-1937 йиллардаги Сталин қатағонлари қурбони бўлган эди. Унинг хоки Мирзачўлдаги “Малик” совхози ҳудудидалиги яқиндагина маълум бўлди.

Сулаймонхўжанинг келини олима Фозила Сулаймонованинг хотирлашича, қайнотаси жуда ўқимишли киши бўлган. У аввал эски мактабда, сўнг рус мактабида таълим олган. Кейинчалик Москвадаги кино институтида таҳсил кўрган. 1934 йилда Сулаймонхўжа ўзбек халқининг озодлик учун кураши мавзусида фильм яратишга киришган. Дастлаб маъмурлар бунга унча эътибор қаратмаган. Бироқ фильмнинг намуна нусхаси тайёр бўлгач, жанжал кўтарилиб, у қамоққа олинган ва 1936 йилда отиб ташланган.

Ф.Сулаймонованинг сўзларига кўра, отилишидан олдин Сулаймонхўжа Мирзачўлда турли ишларга жалб қилинган. У “Ҳалима” фильми муаллифи Ғулом Зафарий ва яна бир адабиётшунос зиёли билан Мирзачўлда дарахт кесиб юрганида бу ерга уч киши келган. Улар маҳбусларга учта чуқур ковлашни буюрган. Уч маҳбус ўзлари ковлаган чуқурга туширилиб шу заҳоти отиб ташланган.

Ф.Сулаймонова Сулаймонхўжа Мирзачўлдаги “Малик” совхози ҳудудида отиб ташлангани, лекин унинг хокини топишнинг иложи бўлмаганини, чунки хўжалик жуда катта эканини маълум қилди.

Сулаймонхўжанинг ўғли, машҳур адабиётшунос олим Ҳамид Сулаймоннинг ўзи ҳам ўтган асрнинг эллигинчи йилларида қатағонга учраган.

Агар инсоният тарихига назар ташланса, қатағонлар жамиятда тез-тез такрорланиб туради. Хўш, бунинг сабаблари нима?

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Искандар Худойбергановнинг айтишича, тараққиёт олдида тўсиқ қўйиб бўлмайди. Инсон ҳам ақлини таниб, ривожлангани сари ўзининг ҳақ-ҳуқуқини англаб, унга эришишга ҳаракат қила бошлайди. Худди шу вақтда жамиятда қарама-қаршилик юзага келади. Аксарият ҳолларда репрессияга ҳокимият йўл очиб беради.

И.Худойбергановнинг эътирофича, қатағонга маҳкумларнинг олди сафида ўқимишли, зиёли инсонлар туради. Зеро, улар тараққиётнинг сабабчилари, илғорларидир. Улар ўз ортидан оммани эргаштира олади. Шунинг учун ҳокимият, энг аввало, зиёлиларни йўқ қилишга уринади. Бироқ бу даҳшатлар гирдобига тортилган оддий халқ ҳам омон қолмайди.

И.Худойберганов репрессиялар жамият ривожини ортга суриб ташлаши билан қўрқинчли эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG