Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:31

Бамбукмидики... Ўзбекистонда нарх-наво яна ўсди


Ўзбекистон Президентининг фармони билан жорий йилнинг 1 августидан бюджет ташкилот ва муассасалари ходимларининг иш ҳақи, пенсия, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдори 30 фоиз оширилган эди. Лекин фуқаролар кўпайтирилган миқдордаги маош ва нафақаларни олмасидан нарх-наво сезиларли ўсгани кузатиляпти.

Молия вазирлиги ва “Ўздонмаҳсулот” давлат акциядорлик компанияси қарори билан 8 августдан бошлаб дон ва дон маҳсулотлари баҳоси оширилди. Нон дўконларида бир дона буханка 15 сўм қимматлади ва бугунги кунда 125 сўмдан сотилмоқда.

Фуқаролардан бирининг айтишича, гўшт нархи кўтарилганига 1 ойдан кўп вақт бўлди. Илгари гўштнинг бир килограмми 2200 сўм сотилган бўлса, ҳозир 2500 сўмни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда кашандалар ўртасида энг оммавий бўлган “Pine” сигаретининг баҳоси яқиндагина 500 сўм эди. Тошкентликларнинг сўзларига қараганда, шу кунларда бу сигарет 600 сўмдан сотилмоқда. Бозорларда донаси 50-60 сўм турган тухум нархи эса 80-90 сўмга чиққан.

“Иш ҳақини ошириш ҳақида фармон чиқиши билан нарх-наво стихияли равишда кўтарилиши анъанага айланган. Ҳозир газ, иссиқ ва совуқ сув, электр энергияси, боғчага тўланадиган ҳақ, йўлкира тинимсиз ошиб боряпти. Майли, ойликни оширсин, лекин озиқ-овқатлар баҳосини пасайтирсин”, дейди пойтахтликлардан бири.

Нарх қимматлашуви йўловчи ташиш транспортларида ҳам кузатилди. Июнь ойида йўлкира 10 сўмга ошди. Июль ойида эса “А-76” бензинининг бир литри 20 сўм қимматлади.

Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати раҳбари Малик Қодировнинг таъкидлашича, ун ва ун маҳсулотлари баҳоси ошишига асосий сабаб харажатларнинг кўпайиб бораётганидир. Жорий йилда фермерлардан ғалла ўтган йилдагидан бирмунча қимматга сотиб олинган. Нефть қазиб олиш ва уни қайта ишлашга сарфланаётган харажатлар миқдори ошгани учун бензин нархи кўтарилган.

Жамиятшунос Комрон Алиев нарх-навонинг қимматлашуви, айниқса, давлат корхоналари ва ташкилотларида ишламайдиганларнинг турмуш шароитига салбий таъсир кўрсатишини айтди.

“Маошлар 30 фоиз оширилганининг нарх қимматлашувига тўғридан-тўғри алоқаси йўқ. Чунки нархнинг кўтарилиши мунтазам давом этиб келаётган жараён”, деди у.

К.Алиевнинг билдиришича, Ўзбекистонда нарх-навонинг ошиши, пул қадрсизланиши, иқтисодиётнинг ривожланиши юзасидан тадқиқотлар ўтказилмайди. Шундай тадқиқотлар ўтказилганда мамлакатда инфляция ва халқнинг қашшоқлик даражасини, маош оширилиши билан нархнинг кўтарилиши ўртасидаги мутаносиблик бор-йўқлигини аниқ рақамларда кўрсатиб бериш мумкин бўларди. Шу боис, комил ишонч билан айтиш мумкинки, маошларнинг 30 фоиз оширилгани инфляция ва нарх-наво қимматлашуви ўрнини қоплай олмайди.
XS
SM
MD
LG