Линклар

Кимга байрам, кимга ғам


Ҳакимбек 12 августда, яъни ваъда қилинганидан икки кун ўтиб Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириш учун 1 августда ўтказилган тест синовларининг жавоблари эълон қилинди.

Маълумотларга қараганда, жорий йилда мамлакат олий ўқув юртларига 249 минг 400 абитурент ҳужжат топширган. Уларнинг фақат 51 минг 175 нафари талаба бўлиш бахтига эришади.

Одатдагидан анча гавжум бўлган олий ўқув юртларида шу кунларда кимнингдир ўқишга кирганидан хурсандлигига, бошқаси эса умиди рўёбга чиқмаганидан хомуш тортиб қолганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Қабул имтиҳонлари жавоблари эълон қилингач, тест синовларини ташкил этишга мутасадди бўлган Давлат тест маркази биноси ҳам одатдагидан анча гавжум эди. Тест синовлари натижаларидан норози бўлган элликдан ортиқ абитуриент, уларнинг ота-оналари ушбу муассаса масъулларига мурожаат қилиш учун келган.

Абитуриентлардан бирининг онаси сўзларига қараганда, унинг фарзанди Тошкент давлат юридик институтида тўлов-контракт асосида ўқишга кирган. Бироқ институт раҳбарлари еттита ўрин имтиёз ажратилиши кўзда тутилган абитуриентларга берилганини айтган.

Она ўқишга кирган фарзанди ўрнига имтиёзга эга абитуриентлар қабул қилинаётганидан норозилигини ва бу имтиёзлилар кимлигини билиш истагидалигини маълум қилди.

Давлат тест марказига норозилик билдириш учун келган абитуриент эса ўзи ҳужжат топширган институтдаги англашилмовчиликка аниқлик киритишни истаётир.

“Молия институтининг молия-иқтисод факультетига 415 нафар талаба қабул қилиниши, шуларнинг 115 таси давлат гранти, қолгани шартнома асосида ўқиши айтилганди. Энди эса давлат гранти асосида ўқишга 75 киши, шартномага эса 175 талаба қабул қилинишини таъкидланяпти. Мен аввал ўқишга кириши ваъда қилинган 415 та абитуриент қаторидаман. Энди нима қилишга ҳайронман”, дейди абитуриент.

Тест натижаларидан норози бўлиб, Давлат тест марказига ариза билан мурожаат қилаётганлар сони ортиб боряпти. Марказдагилар эса тушаётган аризалар жиддий ўрганилишига ваъда бераётир. Аммо норози фуқароларнинг ўзлари марказга мурожаатдан бирор ижобий натижа чиқишига кўп ҳам умид қилаётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG