Линклар

Қонунбузарликларда проректорнинг қўли борми?


Фирдавс Маълумотларга қараганда, Қашқадарёда 1 август куни олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари ўтказилиш чоғида имтиҳон билан боғлиқ қонунбузарликларда айбланиб, Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан 32 киши қўлга олинган.

Хабарларга кўра, Қарши давлат университетида шундай айбловлар билан қўлга олинганларнинг аксариятини бошқа вилоятлар, жумладан, Сурхондарё, Андижон, Бухоро ва Тошкентдан ёшлар ташкил этган. Улар катта маблағ эвазига бировларнинг ўрнига имтиҳонга кираётганида Миллий хавфсизлик хизмати холимлари томонидан ушланган. Қарши муҳандислик иқтисодиёти институти ётоқхоналарининг бирида эса бир гуруҳ шахслар тест жавобларидан нусха кўчираётган пайтда ҳибсга олинган. Баъзи манбаларнинг маълум қилишича, бу қонунбузарлик институт проректорларининг бири бошчилигида содир этилган.

Ушбу қонунбузарликлар ҳақида вилоят телевидениеси дастурларида 6-7 август куни батафсил ҳикоя қилинди. Вилоят олий ўқув юртларидан бирининг ўқитувчиси сўзларига қараганда, нусха кўчириш жараёнида ҳибсга олинган йигитдан бу жавобларни қаердан ва нима учун олгани сўралганида у институт проректори Азамат Хуррамовнинг номини тилга олган ҳамда унинг кўрсатмаси билан ишлаётганини билдирган.

Қарши муҳандислик иқтисодиёти институти қабул комиссияси масъул котиби Акром Очилов юз берган қонунбузарликдан телевидение орқали хабар топгани, лекин келтирилган фактлар жиддий асосга эга эмаслигини таъкидлади. Институт проректори Азамат Хуррамов эса мавзу юзасидан фақат ректор муносабат билдиришини маълум қилди. Институт ректори, Олий Мажлис депутати, Омбудсманнинг минтақавий вакили Муродилла Нормуродов билан учрашишнинг иложи бўлмади.

МХХнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси вакили вилоят олий ўқув юртларида юқорида тилга олинган қонунбузарликлар юз берганини тасдиқлади. Унинг айтишича, бу ишлар юзасидан айни пайтда суриштирув олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG