Линклар

Қозоғистонда электрон сайлов тизими тажрибадан


Абдуллоҳ Эргаш Баъзи ривожланган давлатлар, жумладан, АҚШ умумхалқ сайловларида овоз беришнинг электрон усулидан фойдаланилади. Яъни, сайловчи компьютер орқали ўзи танлаган номзодга овоз беради. Қозоғистон ҳам ана шу тажрибани тадбиқ этмоқчи. Сентябр ойида бу мамлакат Парламентига сайлов бўлиб ўтади. Ана шу сайловда электрон овоз бериш услуби қўлланилиши режалаштирилган. Бироқ, жорий этилаётган бу усул Қозоғистонда турли бахс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Қозоғистон пойтахти Астанада 16 август куни электрон овоз бериш усули тажрибадан ўтказилди. Бу усул бюлеттен орқали овоз бериш услубидан нимаси билан фарқ қилади? Бу ҳақда Астана сайлов комиссияси раиси Қаршиға Қулмахан “Озодлик” радиоси қозоқ хизматига шундай жавоб берди:
- Бу тизимнинг ўзгачалиги, унда қоғоз бюлеттенларнинг бўлмаслигидир. Қоғоз бюлеттенлар бузилган, деб топилиши ёки қалбакилаштирилиши мумкин. Электрон овоз бериш услубида эса, берилган овозни ўзгартириб бўлмайди. Бу эса сайловнинг эркин ва демократик тарзда ўтишини таъминлайди.
Сайлов комиссияси раисига кўра, овоз беришга келган ҳар бир сайловчига шахсий парол берилади. У ўша паролни компьютерга киритиб, исталган номзод учун овоз беради. Сайлов якунлангач, сайловчи яна паролидан фойдаланган холда компьютерни қайта очиб, танлаган номзоди учун берган овози ўзгартирилмаганлигини текшира олади. Бундан ташқари, электрон овоз бериш усули овозларни санашда ҳам қўл келади. Яъни , берилган ҳар бир овозни компьютернинг ўзи ҳисоблаб боради. Астана сайлов комиссияси раиси бу тизим мураккабликлар туғдирмайди, аксинча, комиссия ишини енгиллаштиради, деб ҳисоблайди. Бироқ, электрон овоз бериш тажрибасида иштирок этган астаналиклардан бири бу фикрга қўшилмайди.
- Биринчи галда сайлов комиссиясининг ўзи бу тизимни мукаммал ўрганиши керак эди. Тажрибада иштирок этиб, комиссия аъзолари бу усулни яхши ўзлаштира олмаганининг гувоҳи бўлдим. Бу эса сайлов натижаларини эълон қилишда турли чалкашликларга сабаб бўлиши мумкин,-дейди “Озодлик” радиоси қозоқ хизматига тажриба иштирокчиларидан бири.

Қозоғистон Парламенти депутати Зауреш Батталова электрон сайлов тизими фуқароларнинг яширин овоз бериш ҳуқуқини бузади, деб ҳисоблайди.

- Сайловчиларга берилган парол орқали ким қайси номзодга овоз берганлигини аниқлаб олса бўлади. Шунинг учун ҳам бу сайлов усули Конституцияга ва сайлов қонунига зиддир.

Қозоғистон Марказий Сайлов комиссияси эса, электрон овоз беришда қўлланилувчи компьютерлар махсус ҳимояга эга ва шу боисдан ҳам сайловчининг кимга овоз берганлигини аниқлаш мумкин эмас, деб билдирмоқда.

Айни пайтда, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик Институтлар ва Инсон ҳуқуқлари бюроси вакиллари Қозоғистонда сайловларни кузатиш борасида иш бошладилар. Ўн олти кишидан иборат кузатувчилар гуруҳи раҳбари Роберт Берри Қозоғистонда электрон сайлов усули қўлланилаётганлиги таҳсинга лойиқ, деган фикрни билдирди. Шу билан бирга Роберт Берри “Озодлик” радиоси қозоқ хизматига Қозоғистон ҳукумати томонидан аҳоли ўртасида электрон сайлов усулини тушунтириш борасида олиб борилаётган ҳаракатлар қониқарли бўлмаётганлигини айтди.

- Бу тизим бўйича овоз бериш йўлларини аҳоли ўртасида кенг миқёсда оммабоп қилиб тушунтириш лозим. Ҳозирча бу йўналишдаги тарғибот анча суст,-деди Роберт Берри.
XS
SM
MD
LG