Линклар

Полиз пашшаси Қорақалпоғистонни қовунсиз қолдирди


Маълумотларга қараганда, ўтган йили Қорақалпоғистонда полиз экинлари етиштирилган майдонларнинг 90 фоизи полиз пашшасидан жиддий зарар кўрган. 3 минг гектардан зиёд майдондаги қовун-тарвуз ҳосили нобуд бўлган.

Хўжайли туманида яшовчи 48 ёшли Юрий Колочков уста деҳқонлардан ҳисобланади. Унинг фермер хўжалигида 45 гектар ер бор. Ҳар йили 10-15 гектар ерга полиз маҳсулотлари етиштирадиган фермер ўтган йили 3 гектар ерга қовун-тарвоз экканди. Бироқ ҳосил полиз пашшасидан нобуд бўлгач, бу йил полиз экинлари экишга ботинмади.

Амударё овул фуқаролар йиғини раиси Мирзааҳмад Туннишевнинг таъкидлашича, Қорақалпоғистонда полиз пашшаси тарқалгани боис уч йилдан буён ҳосил олинмайди. Шунинг учун бу йил ҳам овул аҳолиси қовун-тарвуз экмаган. Ҳозирги кунда бу ерга қовун бошқа вилоятлардан, жумладан, Самарқанд, Сирдарё томонлар олиб келинмоқда. Жорий йилда далаларда полиз пашшаси ҳаддан зиёд кўпайиб кетганидан помидор, қовоқ, бодринг каби қишлоқ ҳўжалик экинлари ҳам жиддий зарар кўряпти.

Ўсимликлар карантини инспекцияси ходимларининг айтишича, полиз пашшасига қарши курашда кимёвий препаратлардан фойдаланиш яхши натижа беради. Бироқ бу усул ёппасига оммавий равишда қўлланилмаса, фойдаси кам бўлади. Зеро, ҳашарот бошқа ҳудудлардан учиб келаверади.

Ю.Колочковнинг сўзларига қараганда, полиз пашшаси Ўзбекистонга жанубий ва ғарбий мамлакатлар ҳамда Кавказдан кириб келган.

Маълум бўлишича, Қорақалпоғистон ва Хоразмда полиз пашшаси тарқаганига уч йилдан ошганига қарамай, бу офатга қарши курашишга жиддий киришилмаган.
XS
SM
MD
LG