Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:14

Марказий нашрлар шарҳи


Шайбон “Халқ сўзи” газетасининг 12 август сонида газета бош муҳаррири Аббосхон Усмоновнинг “Журналистлик иймондан бошланади” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Муаллиф хорижий оммавий ахборот воситаларини 30 июль воқеаларини ёритишга енгил-елпи ёндашганини танқид қилар экан, маҳаллий журналистларни ҳам айблашни эсдан чиқармайди: “Гарчи 30 июлдаги террорчиликнинг сабаблари ва оқибатларини аниқлаш муайян вақтни талаб қилса-да, аммо маҳаллий журналистлар хорижий оммавий ахборот воситаларининг бу масалага доир анча мунозарали ва енгил-елпи маълумотларига дарҳол жавоб бериш имкониятларига эга эдилар-ку? Мана шу ўринда, бизнинг журналистикага хос эски касал — сусткашлик, ғафлат босиб ўтириш, юқоридан имдод кутишлик — яна бир бор ўзини кўрсатди. Ҳозирги глобаллашув, ахборотлар узатишдаги тезкорлик даврида алмисоқдан қолган бундай позиция шунчаки “муаммолардан бири” бўлиб қолмай, балки ўта зарарлидир”.

“Халқ сўзи” газетасининг 13 август сонида педагогика фанлари доктори М.Қуроновнинг “Ота-оналар билан суҳбат” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Бир неча кичик сарлавҳалардан иборат мақоланинг “Уятчан болалар” қисмида муаллиф, жумладан, бундай ёзади: “Ҳа, болаларимиз, йигит-қизларимиз тортинчоқ. Уятчан, сертавозе. Ўз фикрини айтишдан ҳам уялади... Одам нега уялади? Нотўғри, ножоиз сўзни билмасдан айтиб қўйса, уни тушунгач, уялади, хижолат тортади. Бу тушунарли. Лекин “сиз ўз келажагингизни қандай тасаввур қиласиз?”, деган саволга жавобда уялиш, тортиниш, иболаниш бўлмаслиги керак. Менимча, бунга икки сабаб борга ўхшайди. Биринчиси — жавобни пухта уқтира олмаётганлигимиз, иккинчиси — ўзбек муҳитида тавозе, андиша, ибо, уятчанликнинг маъқулланиши. Ҳар қандай фазилат ҳаддан ошса, иллатга айланади: тавозе — лаганбардорликка, андиша — қўрқоқликка, ибо — мутеъликка, уялиш — журъатсизликка тортиб туширади одамни”.
XS
SM
MD
LG