Линклар

ЯНГИ ТАХДИДЛАРГА ЯНГИЧА ЖАВОБ

  • Ҳурмат Бобожон

АҚШ Президенти Жорж Буш сешанба куни Европа ва Осиёдаги Америка ҳарбий қўшинлари олиб чиқилишини ва уларнинг маълум қисми бошқа минтақаларга жойлаштирилишини эълон қилди. Европа ва Шарқий Осиёдаги бир неча йирик ҳарбий база ёпилиши ва улар ўрнига Шарқий Европа ва Марказий Осиё каби стратегик худудларда кичик базалар ташкил этилишини назарда тутувчи мазкур режа, 2006 йилдан бошлаб босқичма-босқич 10 йил ичида амалга оширилади. Оқ Уй рахбарига кўра, режадан мақсад чет давлатлардаги Америка кучларини "Ал-Қайда" каби гуруҳлар тахдидига тезкор жавоб қайтара оладиган холга келтиришдир. Аммо, бу режа борасида танқидий фикрлар ҳам йўқ эмас.

Шарқ ва Ғарб ўртасидаги темир парда қулагани ва Совуқ уруш тахдиди тугаганидан 15 йил ўтиб АҚШ Президенти Жорж Буш Америка кучларини ҳозирги кун тахдидларига мослаштириш зарурлигини таъкидлади. Агар ўтмишда Вашингтон учун асосий тахликани коммунизм ташкил этган бўлса, ҳозирда "Ал Қайда" каби террор гуруҳлар хавфсизликка асосий тахдид сифатида кўрилмоқда. Аммо, бугунги хавфнинг ўтмишдагисидан фарқи шундаки, террорчилик чегара билмайди. Масалан, коммунист режимларнинг чегаралари аниқ бўлган ва АҚШ шунга қараб қўшинларини жойлаштирган эди. Аммо, Коммунистик тизим қулагач, Ғарбий Европа, хусусан Германияда кўп сонлик ҳарбий қўшин ва техникани ушлаб туришга хожат қолмади.
АҚШ Президенти Жорж Буш душанба куни Цинцинати шаҳрида бир гуруҳ ҳарбий фахрийлар олдида қилган маърузасида бугунги кун ҳарбий стратегияси ҳақида шундай деди:
"Янги режа бизга 21 асрнинг бу урушларида самарали кураш олиб бориб, ғалаба қозонишимизга ёрдам беради. Тинчликни мустаҳкамлашда янги давлатлар билан ҳамкорлик қураётган бир пайтда, бу режа дунёдаги иттифоқларимизни мустаҳкамлайди. Ҳарбийларимиз ва уларнинг оила аъзолари оғирини енгил қилади", - деди Буш.

Режага мувофиқ 70 минг Америка қўшини ва 100 мингга яқин уларнинг оила – аъзолари олиб чиқилади. "Вашингтон Пост" газетасининг ёзишича, бу Осиё ва Европадаги 230 минг аскарлик умумий Америка қўшинининг учдан бир қисмини ташкил этади. Оқ Уй маъмуриятидагиларнинг айтишларича, айни режага мувофиқ Европадаги АҚШ ҳарбий муассасаларининг ярми ёпилади. Жанубий Кореядаги Америка қўшинларига келсак, пойтахт Сеулдан қўшинлар олиб чиқилган. Шимолий ва Жанубий Корея оралиғидаги демилитаризация худудидаги қўшинлар эса Жанубий Корея марказига олиб ўтилган.

Режа бўйича, ҳарбийларнинг аксар қисми Америкага қайтарилади. Таҳминларга кўра, қўшинларнинг бир қисми, юқорида айтганимиздек, Вашингтон устиворлик бераётган Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида ўрнатилади. Вашингтонлик ҳарбий тахлилчи Маркус Корбин фикрича, Польша, Болгария, Ўзбекистон каби Буш сиёсатини қўллаб-қувватлаётган давлатлар яқин орада Америка кучларини қабул қилиб олиши мумкин. Аммо, Корбиннинг айтишича, бу ерда йирик ҳарбий базалар ўрнатиш ҳақида гап бораётгани йўқ.
"Мен "базалар" демаяпман. Чунки, янги модел катта базалар қуришни эмас, балки АҚШ кучлари фавқулодда холатлар рўй берган пайтда Польша, Болгария ва Ўзбекистон каби давлатларда фойдаланишлари мумкин бўлган, зарурий шароитларни шай қилиб қўйишни назарда тутади. Яъни, у ерда қўшинлар сони сезиларли оширилмаса керак", - дейди вашингтонлик таҳлилчи.

Кўпчилик, бу режанинг айнан ҳозир эълон қилинишини АҚШдаги сайловолди кампанияси билан боғлашмоқда. Хусусан, АҚШлик собиқ дипломат Ричард Холбрук фикрича, АҚШ Президенти айнан сайлов арафасида бу режа ҳақида эълон қилиб, Америка жамоатчилиги эътиборини чалғитишга уринмоқда. Аслида бу режа икки йил олдин ишлаб чиқила бошланган эди. Америкалик ҳарбий таҳлилчи Лорен Томпсон эса, бу режа ўн йилларча олдин бошланиши керак эди, деб ҳисоблайди. Истеъфодаги Америка Генерали Дэниел Кристман эса аксинча, қўшинларнинг олиб чиқилиши АҚШни Германия каби иттифоқчисидан узоқлаштириши мумкинлигини ва Европадаги АҚШ ҳарбий ҳозирлигини заифлаштиришини айтади.
XS
SM
MD
LG