Линклар

logo-print

Ерни хусусийлаштириш масаласида референдум ўтказиладими?


Ўзбекистондаги демократик кучлар фаоллари мамлакатда ерни хусусийлаштириш масаласида референдум ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Улар бу масалани умумхалқ муҳокамасига олиб чиқиш учун референдум тўғрисидаги қонунга мувофиқ ташаббус гуруҳлари тузишга киришди.

Ташаббус гуруҳларини тузиш Фарғона водийси вилоятларидан бошланди. Куни-кеча Наманганда шундай гуруҳ тузилди. Ташаббус гуруҳи йиғилишида “Эрк”, “Бирлик халқ ҳаракати”, “Озод деҳқонлар” партиялари ҳамда нодавлат ташкилотлар аъзолари, оддий деҳқонлар иштирок этди. Уларнинг таъкидлашича, референдум тўғрисидаги қонуннинг 10-моддасига асосан Олий Мажлис ва Президентдан ташқари оддий фуқаролар ҳам референдум ўтказиш ташаббуси билан чиқиши мумкин. Бунинг учун мамлакатдаги 180 та туман ва 120 та шаҳарда ташаббус гуруҳлари тузилиши лозим. Бу гуруҳлар кўтарилаётган масалани референдумда ҳал қилиш тарафдори бўлган 400 минг кишининг имзосини тўплаши керак.

Йиғилиш иштирокчиси, Уйчи туманидаги Ахси қишлоғилик деҳқон Муҳаммадали Нишоновнинг сўзларига қараганда, ер хусусий бўлса, деҳқон ерни авайлаш билан бирга катта ҳосил кўтаришни ўйлайди. Ҳозирги оғир иқтисодий шароитда ернинг хусусийлаштирилиши қишлоқ фуқароларининг қаддини тиклаши учун муҳимдир.

“Бирлик” партияси аъзоси Олимжон Қосимовнинг фикрича, ерни фермерларга, деҳқонларга хусусий мулк сифатида бўлиб бериш мазкур партия дастуридан жой олган. Шунинг учун партия бу борада референдум ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлайди.

“Эрк” демократик партияси марказий кенгаши аъзоси Ҳошимжон Жамбуловнинг таъкидлашича, аҳолисининг ярмидан кўпи қишлоқ хўжалиги соҳасида банд бўлган Ўзбекистонда ерни хусусийлаштириш масаласи ижобий ҳал этилмаса, мамлакатнинг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олиши мушкулдир.

Ерни хусусийлаштириш масаласида референдум ўтказиш ташаббускорларидан бири Шуҳрат Аҳмаджоновнинг билдиришича, ташаббус гуруҳлар йиғилишларини бошқа вилоятлар туманлар ва шаҳарларида ҳам ўтказиш режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG